Путин Қозоғистонда Эрдўған билан учрашди
Олам
−
03 Июль
5678Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, томонлар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олган. Музокаралар чоғида икки давлат раҳбарлари ҳамкорликдан кўзланган мақсад – 100 миллиард долларлик товар айирбошлашга эришишни муҳокама қилди.
“Шуни таъкидлашни истардимки, дунёдаги мавжуд вазиятнинг барча қийинчиликларига қарамай, Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланмоқда. Барча йирик лойиҳаларимиз амалга оширилмоқда. Ҳаммаси режа бўйича кетмоқда. Халқаро сиёсатнинг қатор муҳим йўналишлари бўйича фаол ишлашда давом этамиз ва Туркия билан доимий алоқадамиз”, деган Путин.
Эрдўған эса учрашувлар натижасида “Боташ” ва “Газпром” компаниялари ўртасида самимий алоқалар давом этаётганини алоҳида таъкидлаган. У, шунингдек, Путинни Туркияга таклиф қилган.
“Мамлакатимиз танлаган йўл кучли ва мустаҳкам. Биз Россия ва Туркия ўртасидаги илиқ муносабатларни ривожлантиришни давом эттирамиз. Яна бир нарсани таъкидламоқчиман. Сизни, жаноб Президент, қисқа фурсатда юртимда кутаман”, деган Туркия Президенти.
Маълумот учун, ШҲТ саммити эртага, 4 июль куни Остона шаҳрида бўлиб ўтади. Тадбирда Қозоғистон, Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Беларусь, Мўғулистон, Озарбайжон, Қатар, БАА, Туркия ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, ШҲТ Бош котиби Чжан Минг ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин ШҲТ саммитида қатнашиш учун Қозоғистонга келганди. Шунингдек, Эрдўған Путин билан Остонада учрашишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси