Путин Қодировнинг 26 яшар жиянини мукофотлади
Олам
−
11 Июль 2023
8525Россия Президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг жияни Ҳамзат Қодировни II даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлади. Тегишли фармон расмий порталда эълон қилинди.
Қайд этилишича, 26 ёшли Ҳамзат Қодиров “ишдаги муваффақияти ва кўп йиллик виждонли меҳнати учун” тақдирланган.
Айтиш жоизки, Ҳамзат Рамзан Қодировнинг 2004 йилда вафот этган акаси Зелимхоннинг ўғли ҳисобланади. У ҳофизлар мактабини ва Чечен давлат университетининг давлат бошқаруви факультетини тамомлаган. Шунингдек, Ҳамзат Қодиров БАА ва Москвада чет тилларини ўрганган. 21 ёшида Ҳамзат Қодиров Курчалоэвский туманини бошқарган, кейин у "Ягона Россия" минтақавий сиёсий кенгаши президиумига сайланган.
Шу йилнинг май ойида Ҳамзат Қодиров Миллий гвардиянинг “Ёрдам учун” медали билан тақдирланган. Миллий гвардиянинг Чеченистон бўйича бошқармаси бошлиғи Шарип Делимхонов Ҳамзат Қодировни “ўзини зўр ёрдамчи сифатида кўрсатган”ини айтган, лекин тафсилотларни ошкор қилмаган.
Маълумот учун, олдинроқ Путин Рамзан Қодировнинг рафиқаси Меднини ҳам мукофотлаган. Унга “Қаҳрамон она” давлат мукофотини Путиннинг шахсан ўзи топширган. Чеченистон раҳбарининг айтишича, у рафиқаси билан 14 фарзандни тарбияламоқда, улардан икки нафари асраб олинган. Қодировнинг сўзларига кўра, унинг катта ўғиллари Украина билан урушда қатнашган. Шунингдек, “Проект” нашрига кўра, Чеченистон раҳбарининг яширин иккинчи хотини Фотима Хазуева ҳам бор.
LiveБарчаси