Путин Эронни уранни бойитишдан воз кечишга чақирди - ОАВ

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Эрон вакиллари билан ўтказилган музокараларда Эроннинг уранни бойитишдан бутунлай воз кечишини кўзда тутувчи ядро келишувини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда ушбу масаладан хабардор манбаларга таяниб, “Axios” хабар берди.

Уч нафар европалик ва бир нафар исроиллик расмийнинг айтишича, Москва Эронни “ноль бойитиш” режимига, яъни умуман уранни бойитмасликка кўндиришга ҳаракат қилган. Икки манбанинг қўшимча қилишича, россияликлар бу позицияни Исроил ҳукумати билан ҳам муҳокама қилган. 

“Биз Путиннинг эронликларга айнан шуни айтганини биламиз”, деган юқори лавозимдги исроиллик манба. 

Қайд этиш жоиз, Путин бу фикрни ўтган ҳафта Трамп ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали суҳбатда ҳам ифода этган. Айни пайтда Исроил ва АҚШ томонидан Эрон ядро объектларига берилган зарбалар катта зарар келтирган бўлса-да, Эроннинг барча юқори даражадаги бойитилган урани йўқ қилинмаган. 

Манбаларга кўра, агар музокаралар яқин ҳафталарда бошланса, АҚШ асосий шартлардан бири сифатида Эрон ҳудудида уранни ноль даражада бойитиш талаби билан чиқади. Бироқ Эрон анчадан бери шуни таъкидлаб келадики, ҳар қандай битимда у уранни ўз ҳудудида бойитиш ҳуқуқини сақлаб қолиши керак.

Манбаларнинг айтишича, сўнгги ҳафталарда Путин ва бошқа россиялик расмийлар эронликларга бир неча бор ноль бойитиш келишувини қўллаб-қувватлаётганларини билдирган.

“Путин уранни ноль даражада бойитишни қўллаб-қувватлайди. У эронликларни америкаликлар билан музокараларни енгиллаштириш учун шу йўналишда ҳаракат қилишга ундади. Аммо эронликлар бу масалани ҳатто кўриб чиқишни ҳам истамади”, деган нашрнинг манбаларидан бири. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) билан ҳамкорликни тўхтатиш тўғрисида фармон чиқарганди. Мамлакат парламент раиси ўринбосари Ҳамид Ризо Ҳожий Бобоийнинг маълум қилишича, Эрон эндиликда МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гроссини ўзининг ядровий объектларига киритмоқчи эмас ва бу иншоотларга кузатув камераларини ўрнатишга ҳам рози бўлмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Владимир Путин Москва Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг