Путин Эрдўғанни табриклади
Олам
−
29 Май 2023
5297Россия Президенти Владимир Путин Туркия давлатининг амалдаги раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғанни президентлик сайловларининг иккинчи босқичидаги муваффақияти билан табриклади. Бу ҳақда кеча, 28 май куни Кремль Матбуот хизмати хабар берди.
“Азиз дўстим, Президентликка қайта сайланганингиз муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилинг. Сайловдаги ғалаба Туркия Республикаси раҳбари сифатидаги фидокорона меҳнатингизнинг табиий натижаси, давлат суверенитетини мустаҳкамлаш ва мустақил ташқи сиёсат юритиш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизни турк халқи қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин далили бўлди. Биз сизнинг дўстона Россия-Туркия муносабатларини, турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссангизни юксак қадрлаймиз”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Путин икки томонлама, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлаган.
“Биз режалаштирилган қўшма лойиҳаларни, биринчи навбатда, Оққую атом электр станциясини қуриш ва Туркияда газ хабини ташкил этишни изчил амалга оширишга катта аҳамият берамиз”, деган Путин.
Россия Президенти туркиялик мавқедошига мана шундай масъулиятли фаолиятида янги муваффақиятлар, мустаҳкам соғлик ва фаровонлик тилаган.
Эслатиб ўтамиз, Эрдўғаннинг рақиби Камол Қиличдорўғли сайловолди кампанияси давомида Туркияда газ хаби лойиҳасининг амалга оширилиши мамлакатнинг Россияга энергетик қарамлигини ҳозирги 30-40 фоиздан 70-80 фоизга оширишини айтганди.