Путин эҳтимолий музокараларда Украинага ён беришни рад этди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Москва “Украина билан оқилона муросага” тайёрлиги, бироқ ҳозирча тўғридан тўғри музокаралар олиб борилмаётганлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 25 октябрь куни “Россия-1” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

“Биз оқилона муросага тайёрмиз, аммо мен ҳозир тафсилотларга тўхталишни истамайман, чунки мазмунли музокаралар йўқ, нариги томон буни рад этяпти”, деган Путин.

Унинг сўзларига кўра, гап имтиёзлар ва “алмашинувлар” ҳақида кетаётгани йўқ.

“Натижа Россия фойдасига бўлиши керак, мен ҳеч қандай хижолатсиз очиғини айтишим ва жанг майдонида юзага келаётган воқеликлардан келиб чиқишим керак, шубҳасиз, биз бу ерда ҳеч қандай ён босмоқчи эмасмиз, ҳеч қандай алмашинув бўлмайди”, дейди Россия раҳбари.

Путин яна Украина томонини тинчлик музокараларига келганда “мантиқсиз хатти-ҳаракатлар” қилаётганликда айблади.

“Шунинг учун нимадир бўйича келишиб олишимиз мумкинлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта”, дея хулоса қилган Президент.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса Путин Украинадаги вазиятни ҳал қилиш бўйича мулоқотга очиқ ва доимо шундай бўлиб қолишини билдирган.

“Путин бир неча бор айтган ва тасдиқлаганки, у мулоқотга, суҳбатга очиқ ва шундай бўлиб қолади. Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича мулоқот, албатта, оддий бўлмайди. Аммо у ёки бу тарзда, ҳар қандай уруш музокаралар столида тугайди, тинчлик билан тугайди”, деган Песков.

Маълумот учун, Россия босқинидан бери Украина аҳолиси 10 миллион кишига камайган. Фронтда ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган, яна 6,7 миллион киши мамлакатни қочқин сифатида тарк этган. Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича БМТнинг аҳолишунослик фонди (UNFPA) директори Флоренс Бауэрнинг айтишича, жанговар ҳаракатлар туфайли Украинада деярли одамлар яшамай қўйган ҳудудлар пайдо бўлган, у жойларда фақат қариялар ва оила қуришга қодир бўлмаган жуфтликлар қолган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Украина ядровий иншоотларига ҳужум қилишни режалаштираётганини айтганди. У бунинг учун ўз ҳамкорларига қўшимча ёрдам сўраб мурожаат қилган. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия барча иссиқлик электр станцияларини ва мамлакатдаги гидроэлектростанцияларнинг муҳим қисмини вайрон қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Кремль Владимир Путин Украина Дмитрий Песков музокаралар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг