Путин чор Россияси давридаги вокзални оғзидан бол томиб мақтади
Олам
−
26 Декабрь 2023
17106Чор Россиясидаги ички темирйўл вокзаллари Европаникига қараганда яхшироқ ва чиройли эди. Бу фикрни Россия Президенти Владимир Путин бугун, 26 декабрь куни норасмий саммит олдидан Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг Санкт-Петербургдаги диққатга сазовор жойларга ташрифи чоғида билдирди.
Путиннинг эътиборини тортган бинолардан бири бу – 1837 йилда қурилган Павловский поезд станцияси бўлди. Россия Федерацияси Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Швидкой 6000 ўринли улкан концерт залига айланган замонавий вокзалнинг маданий ўрни ҳақида меҳмонларга маълумот берган. Шунингдек, МДҲ давлат раҳбарларига Павловскнинг гуллаб-яшнаган давридаги ҳаёти ва бу ерда қандай ҳашаматли баллар ва концертлар ўтказилгани ҳақида қисқа метражли филмь намойиш этилган.
“Бу Россиядаги биринчи темирйўл эди – Санкт-Петербургдан Павловскгача”, деган Владимир Путин.
Саёҳат давомида Швидкой ҳозирда вокзал ҳақиқий маданият маркази эканлигини билдирган.
“Ўша пайтда Европа мамлакатларидаги станциялар ҳам турли тадбирлар учун ишлатилган, аммо Россия станциялари ниҳоятда гўзал ва таъсирли эди”, дея қўшимча қилган Россия Президенти.
Шунингдек, МДҲ давлатларининг аксарият президентлари Санкт-Петербург бўйлаб саёҳат қилиш учун Россиянинг Aurus автомобилларидан фойдаланиши маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россияга етиб боргани ҳақида хабар берган эдик.