Путин BRICS саммитига бормайдиган бўлди
Олам
−
19 Июль 2023
7521Россия Президенти Владимир Путин август ойида Жанубий Африкада бўлиб ўтадиган BRICS саммитига бормайди. Россия делегациясига Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилади. Бу ҳақда бугун, 19 июль куни Жанубий Африка Президенти сайтида маълум қилинди.
“Ўзаро келишувга кўра, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин саммитда қатнашмайди, лекин Россия Федерацияси томонидан Ташқи ишлар вазири жаноб Сергей Лавров иштирок этади”, дейилади расмий хабарда.
Айтиш жоизки, бу Гаагадаги Халқаро жиноий суд томонидан Путинни ҳибсга олишга ордер берилганлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Расмий Москва ҳозирча бунга муносабат билдиргани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган, чунки улар болаларнинг ноқонуний депортацияси билан боғлиқ ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топилганди. Шундан сўнг, ХЖСга аъзо бўлган Жанубий Африка ҳукумати Владимир Путинни жорий йилнинг август ойида Йоханнесбургда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида иштирок этишдан бош тортишга чақирди ва Кремлни Путинни видеоалоқа орқали саммитда иштирок этишга кўндиришга уринди. Кейинчалик Жанубий Африка BRICS саммитида Россия раҳбари Владимир Путин ўрнига Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қатнашишини илтимос қилди. Бироқ Москва буни рад этганди.
LiveБарчаси