Путин BRICS дон биржасини ташкил этишни таклиф қилди
Олам
−
23 Октябрь
4278Ишбилармонлик фаоллиги маркази аста-секин ривожланаётган бозорлар томон силжийди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин BRICS саммитининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида сўз очди.
“Жаҳон савдоси ва умуман жаҳон иқтисодиётида – биз буни ҳозиргина чекланган форматда айтиб ўтдик – сезиларли ўзгаришлар рўй бермоқда. Ижобий томони шундаки, ишбилармонлик фаоллигининг диққат марказида аста-секин ривожланаётган бозорлар томон силжиш кузатилмоқда. Кўп қутбли модель шаклланмоқда, бу ўсишнинг янги тўлқинини бошлайди, бу биринчи навбатда Глобал Жануб ва Шарқ мамлакатлари – ва табиийки, BRICS давлатлари ҳисобига”, деди Путин.
Унинг таъкидлашича, BRICS мамлакатлари "масъулиятли макроиқтисодий ва молиявий сиёсат" туфайли мустаҳкамликни намойиш этмоқда.
“Умуман олганда, BRICS мамлакатлари иқтисодиётига келсак, улар ҳукуматларимизнинг масъулиятли макроиқтисодий ва молиявий сиёсати туфайли етарли даражада барқарорликни намойиш этмоқда”, деди Россия раҳбари.
Путин инвестиция платформасини яратиш зарурлигини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу BRICS мамлакатлари иқтисодиёти салоҳиятини максимал даражада ошириш ва глобал иқтисодий ўсишдан фойдаланиш учун зарур.
“Шу муносабат билан биз BRICS’нинг янги инвестиция платформасини яратишни таклиф қиламиз, бу бизнинг иқтисодиётимизни қўллаб-қувватлашнинг кучли воситасига айланади, шунингдек, Глобал жануб ва Шарқ мамлакатларини молиявий ресурслар билан таъминлади", деди Путин.
Бундан ташқари, Россия Федерацияси Президенти ривожланган мамлакатларда қарз юки ортиб бораётгани сабабли дунёда янги инқироз юзага келиши эҳтимолига эътибор қаратди.
“Муҳим инқироз салоҳияти ҳам сақланиб қолмоқда. Гап нафақат тобора кучайиб бораётган геосиёсий кескинликда, балки ривожланган мамлакатларда қарз юкининг сурункали ўсиши давом этаётганида, бир томонлама санкциялар, протекционизм ва адолатсиз рақобат амалиёти кенгаймоқда”, деди Путин.
Россия Президенти, шунингдек, "бозордан рақобатчиларни йўқ қилиш учун иқлим кун тартибидан фойдаланишга уринишларга" қарши туришга чақирди.
“Жаҳон иқтисодиётининг паст эмиссияли ривожланиш моделларига ўтиши билан боғлиқ масалалар бўйича мувозанатли ёндашувларни биргаликда илгари суришни давом эттириш зарур. Ва ҳар қандай йўл билан рақобатчиларни бозордан чиқариб ташлаш учун иқлим кун тартибидан фойдаланишга уринишларга қарши туриш керак”, дейди Путин.
Бундан ташқари, Россия Федерацияси Президенти BRICS дон биржасини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
“Бир қатор BRICS давлатлари дон, дуккакли ва ёғли ўсимликлар етиштириш бўйича дунёдаги энг йирик давлатлар қаторига киради. Шу муносабат билан улар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги алоҳида ролини ҳисобга олган ҳолда маҳсулот ва хомашё учун адолатли ва прогноз қилинадиган нарх кўрсаткичларини шакллантиришга ёрдам берадиган BRICS дон биржасини очишни таклиф қилишди”, деди у.
Россия Федерацияси Президентининг сўзларига кўра, ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши миллий бозорларни салбий ташқи аралашувдан, чайқовчиликдан ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сунъий танқислигини келтириб чиқаришга уринишлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
“Вақт ўтиши билан дон биржасини тўлақонли товар биржасига айлантириш ҳақида ўйлаш мумкин бўлади”, деб қўшимча қилди у.
22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида Россия Федерациясининг ассоциацияга раислигининг муҳим воқеаси бўлган BRICS’га аъзо давлатлар раҳбарларининг ўн олтинчи саммити бўлиб ўтмоқда. Унда 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Қозонга борган хорижий етакчилар орасида, хусусан, Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса бор.