Путин Байденнинг шартига рози бўладими? Песков тилга кирди
Олам
−
02 Декабрь 2022
14857Украинани тарк этиш шарти бўлса, Кремль Қўшма Штатлар билан музокарага тайёр эмас, бироқ Россия етакчиси Владимир Путин алоқаларга очиқлигича қолмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан мулоқотда сўз очди.
Гап шундаки, кеча, 1 декабрь куни Оқ уйда Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашган АҚШ Президенти Жо Байден Путин билан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш имкониятини муҳокама қилишга тайёрлиги, бироқ уга қўнғироқ қилиш нияти йўқлиги, бу Россия Қуролли кучлари Украинани тарк этгандан кейингина мумкинлиги ҳақида айтганди.
Дмитрий Песков АҚШ раҳбарининг сўзларига муносабат билдираркан, Кремль Байденнинг шартига тайёрмаслигини урғулайди.
“Аммо шу билан бирга, Президент Путин алоқалар, музокаралар учун очиқ эди ва шундай бўлиб қолади. Албатта, бизнинг манфаатларимизга эришишнинг энг афзал йўли тинч, дипломатик йўллардир”, деб қўшимча қилган Песков.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Россия Федерацияси таркибидаги янги ҳудудларни ҳалигача тан олмади ва бу, албатта, ўзаро мунозара учун қандайдир ўзаро замин, асос қидиришни сезиларли даражада мураккаблаштиради.
Песков, шунингдек, Путин Россияга нисбатан қуролли босқин бошланишидан олдин Кремль тайёрлаган матнлар лойиҳаси асосида [Россия Федерацияси учун хавфсизлик кафолатлари бўйича] АҚШ, НАТО ва ЕХҲТ билан музокаралар бошлашга ҳаракат қилганини таъкидлади.
Кремль вакили бу ташаббус ўзаро тенглик асосидаги жавобсиз қолганини эслади. Шу билан бирга, у Россия Федерацияси Президенти Россия манфаатларини таъминлаш мақсадида музокаралар учун доимо очиқ бўлгани ва ҳамон бунда собитлигини айтди.
LiveБарчаси