Байден Путин билан гаплашиш учун шартини айтди
Олам
−
02 Декабрь 2022
9563Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден Россия етакчиси Владимир Путин билан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш имкониятини муҳокама қилишга тайёр. Бироқ Жаноб Байденнинг Путин билан боғланиш нияти йўқ. АҚШ етакчиси бу ҳақда кеча, 1 декабрь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтган.
“Гап шундаки, менинг Жаноб Путин билан боғланиш ниятим йўқ. Агар у ҳақиқатан ҳам урушни тугатиш йўлини қидиришга қарор қилса, мен у билан гаплашишга тайёрман. У ҳали бундай қарор қилмаган. Агар шундай бўлса, Франция ва НАТОдаги биродарларим билан маслаҳатлашаман. Мен Путин билан ўтириб, у нимани ният қилганини билишдан хурсанд бўламан. Айни пайтда Эммануэль Макроннинг айтган гаплари жуда муҳим. Биз Украина халқини қўллаб-қувватлашимиз керак”, дейди АҚШ Президенти.
Макрон ҳам ўз навбатида, Украинадаги можарони ҳал қилиш учун Россия Президенти Владимир Путин билан музокараларни давом эттириш ниятида эканини маълум қилган.
“Президент Путин билан гаплашишни давом эттираман. Чунки мен кескинлашувнинг олдини олишга ва аниқ мақсадларга эришишга ҳаракат қиляпман. Уруш зонасидаги атом электр станциялари, хусусан, Запорожье атом электр станцияси хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўрмоқдамиз. Мулоқотни давом эттириш зарур ва биз буни қиламиз”, деб таъкидлаган Франция етакчиси.
Аввалроқ Франция Президенти Байден маъмурияти даврида Америка Қўшма Штатларига илк бор расмий ташриф билан келгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси