Путин Алиевдан кейин Пашинянга қўнғироқ қилиб, Лочиндаги муаммо ҳақида дардлашди
Олам
−
12 Декабрь 2022 4187 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Баку, Ереван ва Москва ўртасидаги уч томонлама келишувларни амалга ошириш, шунингдек, Арманистон-Озарбайжон чегарасида хавфсизликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Кремль хабар берди.
“9 декабрь куни Бишкекда Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилиши доирасида Владимир Путин ва Никол Пашинян ўртасида бўлиб ўтган суҳбатнинг давоми сифатида Россия, Арманистон ва Озарбайжон етакчилари ўртасидаги фундаментал келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокамаси давом этди. Арманистон-Озарбайжон чегарасида хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, Транскавказда транспорт-логистика ва савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда”, дея маълум қилди Кремль Матбуот хизмати.
Арманистон Вазирлар Маҳкамасига кўра, томонлар Лочин йўлагидаги вазиятни тартибга солиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган. Бош вазир Пашинян Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ўртасида узлуксиз алоқани таъминлаш ва Россия тинчликпарвар миссияси томонидан бу йўналишда изчил қадамлар қўйиш муҳимлигини таъкидлаган.
Аввалроқ, 12 декабрь куни Путин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан гаплашган ва у билан Жанубий Кавказда иқтисодий ва логистика алоқаларини тиклаш бўйича уч томонлама келишувлар ва режаларни ҳам муҳокама қилган эди.
Бугун, 12 декабрь куни эрталаб ўзларини экологлар деб таништирган бир гуруҳ озарбайжонликлар Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғловчи ягона йўл бўлган Лочин йўлагини тўсиб қўйди. Ереван бу қадамни расмий Баку томонидан тан олинмаган республикада гуманитар фалокат яратишга қаратилган провокацияси сифатида баҳолади.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолат бўйича Россияга Озарбайжон ҳудудида вақтинча жойлашган Россия ҳарбий контингенти фаолияти муносабати билан норозилик нотасини топширди. Таъкидланишича, озарбайжонлик экспертлар гуруҳи россиялик ҳарбийлар вақтинча жойлашган ҳудудлардаги экологик вазиятни ўргана олмаган.
Live
Барчаси