Путин Алишер Усмоновнинг собиқ хотинини мукофотлади
Олам
−
20 Июль 2023
12645Россия Президенти Владимир Путин Алишер Усмоновнинг собиқ хотини, Россия гимнастика миллий терма жамоаси бош мураббийи Ирина Винер-Усмоновани I даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлади. Бу бўйича Путиннинг махсус фармони эълон қилинди.
Қайд этилишича, Усмоновнинг собиқ рафиқаси мазкур мукофотга “давлат олдидаги хизматлари, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун” лойиқ кўрилган. Шу тариқа Винер-Усмонова бу орденнинг барча даражалари эгасига айланди. Бунгача у IV (2005 йил), III (2008 йил) ва II (2018 йил) даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” орденига сазовор бўлганди.
Бу орден фақатгина Россия Федерацияси фуқароларига Россия давлатчилигини мустаҳкамлаш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ва унинг мудофаа қобилиятини ошириш, илмий-тадқиқот ишлари, маданият ва санъатни ривожлантиришдаги алоҳида ютуқлари учун берилади. Бундан ташқари, мукофот спортдаги улкан муваффақиятлар, шунингдек, халқлар ўртасидаги тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ғалабалар учун ҳам ажратилади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 30 июль куни 75 ёшни қаршилайдиган Ирина Винер-Усмонова 2015 йилда спортдаги ютуқлари учун Олимпия орденини ҳам олган ва гимнастика бўйича бу мукофотга сазовор бўлган биринчи мураббийга айланган. У сўнгги олтита олимпиада ўйинларида чемпион бўлган бешта гимнастикачи, жумладан машҳур спортчи Алина Кабаевага ҳам устозлик қилган.
Асли самарқандлик бўлган Усмонова Тошкентдаги спорт мажмуасида Алишер Усмонов билан танишиб қолиб, кейинчалик, 1992 йилда унга турмушга чиққан. 2022 йилнинг июль ойида эса жуфтлик 30 йиллик оилавий ҳаётдан сўнг ажрашди.