Путин Акаевга унвон берди
Олам
−
25 Январь
9759Россия Президенти Владимир Путин Қирғизистоннинг собиқ раҳбари Асқар Акаевга “Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби” унвонини берди. Бу ҳақда Президентнинг тегишли фармони эълон қилинди.
“Путин Қирғизистоннинг собиқ президенти, Москва давлат университети профессори Асқар Акаевга “Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби” унвонини берди”, дейилади фармонда.
Ҳужжатга кўра, Акаев юқори малакали мутахассислар тайёрлашдаги хизматлари, илмий-педагогик фаолияти ва кўп йиллик виждонли меҳнати учун унвон билан тақдирланган.
Маълумот учун, Асқар Акаев Қирғизистоннинг биринчи президенти. У мамлакатни 1990 йилдан 2005 йилгача бошқарган. 2005 йил 24 мартдаги “Лола инқилоби” оқибатида ҳокимиятдан ағдарилган ва мамлакатни тарк этган. Шундан буён у Россияда яшайди.
Акаев раҳбарлиги мамлакатда коррупция, ҳокимиятни тортиб олиш, шунингдек, Жалолобод вилояти Ақси тумани Боспиек қишлоғида ўтказилган тинч митингда фуқароларга қарши қурол қўллагани билан йодда қолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Асқар Акаев 2005 йил Қирғизистонда юз берган “Лола инқилоби”ни АҚШ уюштирганини даъво қилиб, давлат тўнтаришининг жуда арзонга тушганини айтган эди. Акаевга кўра, “рангли инқилоблар” АҚШ томонидан турли мамлакатлардаги уларга ёқмаган раҳбарларни алмаштириш учун қўлланади. Унинг айтишича, АҚШ Акаевни икки сабабга кўра ёқтирмай қолган: биринчидан, у 2003 йилда АҚШ хоҳишига қарши Қирғизистонда Россия авиабазасини ташкил этиш ташаббуси билан чиққани; иккинчидан эса, 2004 йилда “Манас” халқаро аэропортида АҚШнинг кузатув самолёти “Авакс”ни жойлаштиришни рад этган.
LiveБарчаси