Путин Ақтаудаги авиаҳалокат юзасидан Тўқаевга ҳам сим қоқди

Олам

image

Бугун, 28 декабрь куни Россия томонининг ташаббуси билан Президент Владимир Путин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди ва Ақтауда ҳалокатга учраган самолёт юзасидан фикр алмашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбарлари жорий йилнинг 25 декабрь куни Ақтау шаҳри яқинида Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати муносабати билан ҳамдардлик билдирган. Самолёт бортида Россия ва Қозоғистон фуқаролари ҳам бўлган. Томонлар Қозоғистон ҳукумат комиссиясининг ҳалокат тафсилотларини тергов қилиш ишлари ҳақида фикр алмашган. Бу жараёнда самолётнинг борт ёзув қурилмаларини (қора қутини) декодлаш учун Россия, Озарбайжон ва Бразилиядан экспертларни жалб қилиш режалаштирилган.

“Тергов ишлари Қозоғистон ҳудудида холис ва шаффоф равишда амалга оширилади. Қозоғистон Президенти Владимир Путинга Ленинград вилоятида яқинда ўтган МДҲнинг норасмий саммити ва Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилиши давомида кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, давлат раҳбарлари Озарбайжон самолёти ҳалокати билан боғлиқ барча ҳолатларни тергов қилишда ҳамда Россия-Қозоғистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, Озарбайжон ҳаво йўллари йўловчи самолёти билан боғлиқ фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўраган эди.

Embraer 190 самолётининг қулаши

25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. 

Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.

Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россияниг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда. Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди.  

Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг