Карантин туфайли кўмакка мухтож адвокатларга ёрдам берилади
Жамият
−
25 Апрель 2020
6342Карантин шароитида молиявий кўмакка муҳтож бўлиб қолган адвокатларга тегишли ҳудуддаги бошқа адвокатлардан ихтиёрий равишда йиғилган хайрия маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатилади. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Бошқарувининг навбатдаги мажлисида шу тўхтамга келинган.
Мажлисда адвокатларга Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига мажбурий тартибда тўланадиган аъзолик бадалларини кечиктириб тўлаш ҳуқуқи ҳам тақдим этилган.
“Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида, адвокатларга, улар томонидан 2020 йил апрель ва май ойлари учун Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига мажбурий тартибда тўланадиган, аъзолик бадалларини 2020 йилнинг 1 октябрь кунига қадар кечиктириб тўлаш ҳуқуқи тақдим этилсин”, дейилади бошқарувнинг қарорида.
Бундан ташқари, карантин вақтида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларида ўриндошлик асосида ишловчи бир гуруҳ ходимлар (адвокатлар) томонидан уларнинг 2020 йил апрель ва май ойлари иш ҳақларини 25 (йигирма беш) фоизга камайтириш тўғрисидаги ташаббуслари маъқулланган.
Карантин режими Республикада фаолият юритаётган адвокатларнинг ҳам иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб келаётганлигини инобатга олган ҳолда, ҳудудларда молиявий кўмакка муҳтож адвокатлар рўйхатини шакллантиришга киришилади. Шундай ҳолатлар аниқланганида эса, эҳтиёжманд адвокатларга тегишли ҳудуддаги хайрия қилиш истагида бўлган адвокатлардан йиғилган маблағлар ҳисобидан ёрдам кўрсатилади. Бу таклиф Палата ҳудудий бошқармалари бошлиқлари томонидан билдирилган бўлиб, Бошқарув йиғилиши уни маъқуллаган.