Путин ҳузуридаги кенгаш Россия-Озарбайжон масаласига аралашди 

Олам

image

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин  маъмурияти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг халқаро ҳамкорлик бўйича доимий комиссияси Озарбайжон томонига Россия билан муносабатлардаги кескинликни камайтиришни таклиф қилди. Бу ҳақда кенгашнинг Telegram-каналида хабар берилди. 

“Биз Озарбайжон томонига мурожаат қилиб, икки томонлама муносабатлардаги кескинликни юмшатиш ва Россия фуқаролари ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни адолатли тергов қилиш учун шароит яратишни таклиф қиламиз”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, кенгаш комиссияси Озарбайжондаги барча тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат қилиб, қамоққа олинган россиялик журналистларни озод этишда кўмаклашишни таклиф қилган.

“Юзага келган зиддиятни бартараф этиш ва стратегик давлатлараро ҳамкорлик йўлига қайтиш, бу эса ўз навбатида ҳамкорлик, инсонпарварлик, адолат ва халқаро гуманитар ҳуқуқ устуворлиги тамойилларига асосланишини муҳим экани қайд этилди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар июнь охирида Екатеринбургда бир гуруҳ озарбайжонликларнинг ҳибсга олиниши ортидан кескинлашди. Улар 2001, 2010 ва 2011 йилларда содир этилган икки қотиллик ва бир суиқасд бўйича тергов доирасида қўлга олинган. Бир нечта шахслар ҳибсда қолмоқда.

Шунингдек, икки гумонланувчи тергов жараёнида вафот этган. Россия Тергов қўмитаси улардан бири юрак етишмовчилигидан вафот этганини билдирган, иккинчисининг ўлими бўйича суриштирув давом этмоқда. Озарбайжон эса жасадларда зўравонлик излари борлигини билдирган ва қасддан одам ўлдириш, қийноқ қўллаш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатган.

Баку шаҳрида “Спутник Озарбайжон” ахборот агентлиги ходимлари ҳам ҳибсга олинди. Уларнинг бир қисми кейинроқ қўйиб юборилди, бироқ ижрочи директор Игорь Картавих ва бош муҳаррир Евгений Белоусов фирибгарлик, ноқонуний тадбиркорлик ва пул ювишда айбланиб қамоққа олинган. Агентлик фаолияти тўхтатилган. Шунингдек, яна бир гуруҳ Россия фуқаролари гиёҳванд моддалар савдоси ва кибержиноятларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган. Дастлаб уларга Россия вакиллари билан учрашувга рухсат берилмаган, кейинчалик Баку бунга ижозат берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Озарбайжон Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг