Пўлат Бобожонов янги лавозимга тайинланди
Жамият
−
30 Июль 46549 2 дақиқа
Бугун, 30 июль куни Пўлат Раззақович Бобожонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Маълум қилинишича, Бобожонов янги ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган.
Маълумот учун, Пўлат Бобожонов 1961 йил 1 январда Хоразм вилоятида туғилган. 1982 йил Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган, шундан кейин Хоразм вилоятида прокуратура органларида ишлай бошлаган.
У 1992-1999 йилларда Боғот тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ва Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари лавозимларида ишлаган. 1999 йилда Президент девонига ишга ўтказилган.
2000-2011 йиллар давомида прокуратура органларининг раҳбарлик лавозимларида – Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент бошлиғи, Жиззах ва Бухоро вилоятлари прокурори бўлиб ишлаган.
2011 йилда Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлган, 2012 йилда Хоразм вилояти ҳокими лавозимида иш бошлаган.
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 4 сентябрдаги фармони билан ички ишлар вазири лавозимига тайинланганди. Унга 2019 йил 12 сентябрда генерал-лейтенант махсус унвони берилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни 2017 йилдан бери Ички ишлар вазири сифатида ишлаб келган Пўлат Бобожонов лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Шундан сўнг у Президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлади.
Live
Барчаси