Пўлат Бобожонов Президент маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан бўшатилди
Жамият
−
12:22 4064 2 дақиқа
Бугун, 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозими ва унинг бўлинмаси тугатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг тегишли фармони имзоланди.
Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Пўлат Раззоқович Бобожонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, Президент Администрацияси тузилмасини мақбуллаштириш ишлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозими ва унинг бўлинмаси тугатилди.
Бундан ташқари, фармонга мувофиқ давлат мукофотлари ва геральдика соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Комплаенс хизматининг қўшимча фаолият йўналиши сифатида белгиланди.
Маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмасининг қўшимча фаолият йўналиши этиб белгиланди.
Маълумот учун, Пўлат Бобожонов 1961 йил 1 январда Хоразм вилоятида туғилган. 1982 йил Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган, шундан кейин Хоразм вилоятида прокуратура органларида ишлай бошлаган.
У 1992-1999 йилларда Боғот тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ва Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари лавозимларида ишлаган. 1999 йилда Президент девонига ишга ўтказилган.
2000-2011 йиллар давомида прокуратура органларининг раҳбарлик лавозимларида – Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент бошлиғи, Жиззах ва Бухоро вилоятлари прокурори бўлиб ишлаган.
2011 йилда Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлган, 2012 йилда Хоразм вилояти ҳокими лавозимида иш бошлаган.
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 4 сентябрдаги фармони билан Ички ишлар вазири лавозимига тайинланганди. Унга 2019 йил 12 сентябрда генерал-лейтенант махсус унвони берилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни 2017 йилдан бери Ички ишлар вазири сифатида ишлаб келган Пўлат Бобожонов лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Шундан сўнг у Президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлади.
Live
Барчаси