Пригожиннинг исёнидан сўнг Шойгу илк бор кўриниш берди
Олам
−
26 Июнь 2023
17048Россия Федерацияси Мудофаа вазири Сергей Шойгу “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожиннинг ҳарбий исёнидан сўнг биринчи марта кўриниш берди. У Украинадаги Ғарбий кучлар гуруҳи бирлашмаларидан бирининг “қўмондонлик пунктини” текширди. Бу жараён Россия Мудофаа вазирлиги эълон қилган видеолавҳада акс этган.
Айтилишича, Сергей Шойгу у ерда гуруҳ қўмондони, генерал-полковник Евгений Никифоровнинг ҳисоботини тинглаган.
Баъзи Telegram каналларида қайд этилганидек, бу “Вагнер” ҳарбий қўзғолонидан кейин истеъфога кетиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлганидан сўнг Мудофаа вазири ҳақидаги биринчи янгиликдир.
Бироқ баъзи манбаларга кўра, Шойгунинг Ғарбий қўшинлар гуруҳига сафари Россияда исён бошланишидан олдин бўлган ва Мудофаа вазирлиги бу тасвирларни сақлаб қўйган бўлиши мумкин.
“Бундай шароитда вазирнинг жанговар иши ва “махсус ҳарбий операция”нинг мажбуриятини кўрсатадиган видеони чиқариш мутлақо тушунарли ишдир”, деб ёзган “Рыбарь” Telegram-канали.
Айтиш жоизки, “Вагнер” ҳарбий қўзғолонидан кейин Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олганди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини сўраган ва Москвагача боришини билдирди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли кучлар ҳаракатини тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15