Пригожин Россияда умумий сафарбарлик эълон қилишга чақирди
Олам
−
31 Май 2023
10464“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин кеча, 30 май куни Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги учрашувда Россияда умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилиш вақти келганини айтди. Бу ҳақда “Коммерсанть” хабар берди.
Маълум қилинишича, Пригожин журналистлар билан учрашувда Россияда умумий сафарбарлик эълон қилиш, ҳарбий бўлинмалар учун зарур бўлган қурол-яроғлар, ўқ-дорилар ва керакли барча воситаларни ишлаб чиқаришга тўлиқ ўтиш кераклигини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, Украинадаги “махсус операция”ни давом эттириш энди қийин бўлиб қолиши мумкин.
“Энди биз сафарбарлик эълон қилишимиз ва одамларни ҳеч бўлмаганда момақалдироқ гумбурлаганда чўқиниш ўрнига жанг қилишлари учун ҳам ўқитишимиз керак. Агар ҳамма сафарбар этилмаса, кўпчилик тинчланади, қўйиб юборилганларидан хурсанд бўлади, кимлардир тезда заифлашиб қолади. Кейин ёвуз болалар келади, украинлар ҳаммаси эмаслигини олдин ҳам айтгандим. Сўнг руминлар, польяклар ва бошқа ҳар ким келади”, дейди у.
Охирги вақтларда Россияда яна сафарбарлик эълон қилиниши кераклиги ҳақида таклифлар Путиннинг атрофидаги юқори мансабдорлар томонидан тез-тез берилмоқда. Масалан, кеча Москва вилояти ва шаҳрига қилинган дронлар ҳужумидан кейин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россияда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши кераклигини таъкидлаган эди. Шунингдек, жорий йилнинг май ойи ўрталарида эса “Царские волки” ҳарбий маслаҳатчилар гуруҳи бошлиғи ва “Роскосмос” собиқ раҳбари Дмитрий Рогозин ҳам сафарбарликнинг иккинчи тўлқинини амалга ошириши зарурлигини айтганди. У буни шахсий таркиб билан боғлиқ муаммолар билан изоҳлаган.
Маълумот учун, Украинага босқин бошланганидан сўнг 2022 йилнинг 21 сентябридан 28 октябрига қадар Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинган ва унинг доирасида 300 минг киши жалб қилинганди. Сафарбарлик тугаганидан сўнг Мудофаа вазири Сергей Шойгу қўшинларга кўнгиллилар ва шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиларни ёллаш давом этишини маълум қилган.
LiveБарчаси