Президентликка собиқ номзод Аграр университетига ректор бўлди
Жамият
−
19 Ноябрь
14891Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Нарзулло Наимович Обломуродов Тошкент давлат аграр университетининг ректори этиб тайинланди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов хабар берди.
Шунингдек, Севара Баҳодировна Шокирова Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директорининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Маълумот учун, Нарзулло Обломуродов 1975 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1996 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган ва ўқишни Буюк Британияда давом эттирган. 2000 йилда Бирмингем университетини тамомлаган. 2000 йилдан Ўзбекистон олий таълим тизимида, хусусан, Тошкент молия институтида, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Илмий ходим, кафедра мудири, факультет декани лавозимларида ишлаган. У 2021 йилги сайловда Экологик партиядан Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида кўрсатилган ва шу йили 24 октябрь куни бўлиб ўтган овоз бериш натижаларига кўра, 4,1 фоиз овоз олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тўлқин Тешабоев Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг ректори этиб тайинланганди.