Президент Зулайҳо Маҳкамовани янги кўмита раислигига тайинлаганини тасдиқлади
Жамият
−
01 Март 2022
7680Аввалроқ, Ўзбекистонда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилгани ва Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова қўмита раиси лавозимига тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 1 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилишида Зулайҳо Маҳкамова қўмита раиси сифатида таништирилди.
Йиғилишда Президент хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасининг янги тизимини белгилаб берган.
“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам аёлларга муносиб шароит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласини энг муҳим йўналишлардан бири сифатида бежизга белгиламадик.
Ушбу муҳим вазифалар ижросини тизимли тарзда ҳар бир маҳалла кесимида амалга оширишни таъминлаш мақсадида бугун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш бўйича Фармонни имзоладим.
Қўмита раҳбари лавозимига аёлларнинг муаммолари, дарду-ташвиши билан яқиндан таниш ва уларни ҳал қилиш бўйича катта тажрибага эга бўлган Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Бахриддиновна Маҳкамова тайинланди”, дейди Президент.
Янги Қўмита раиси Маҳкамова айни пайтда Бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритади.
Жойларда қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари эса ҳоким ўринбосари бўлади.
Янги қўмита Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармасини ўзи бошқаради.