Норбоева чидолмаяпти. У Бош вазир ўринбосаридан норози
Жамият
−
05 Август 2023
12976Кеча, 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 43-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамовани койиб берди. Бунга сабаб эса Ўзбекистонда аёллар ва болаларнинг зуғумга учраётганидир.
Унинг айтишича, ижтимоий тармоқларда чиқаётган зўравонлик ҳолатлари, аёлларнинг, болаларнинг азият чекаётгани бу чидаб бўлмас ҳолат. Бу вазиятда зўравонлар тезкор жиноий жавобгарликка тортилиши керак.
“Зулайҳо Баҳриддиновна, маҳалладаги фаолларингиз ҳеч қачон “аризангни қайтиб ол”, “оилада бунақа ҳолатлар бўлиб туради-ку”, деган гапларни айтиши керак эмас. Зўравонлар жавобгарликка тортилиши шарт. Қонун қабул қилиндими, жазо олиши шарт. Шунинг учун сиз маҳалла фаолларингиз билан ўқувлар ўтказишингиз керак. Улар маҳаллада турволиб фақат зўравоннинг ёнини олмасин”, деди у Маҳкамовага юзланиб.
Бунга жавобан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳам энди бундай бўлмаслигига ваъда берди.
“Президент институтларни шунча кўпайтирди, маҳаллада бешлик қилиб берди. Бундай вазиятда ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ишлаши керак-ку! Бир нарса бўлса, “менинг ишим эмас, суднинг иши, ички ишларнинг иши”, деб турамиз. Кимнинг иши бу? Ҳаммамизнинг, жамиятимизнинг иши бу. Мен охирги пайтларда бўлаётган бу ишларга чидолмаяпман. Сизлар эса ҳаммангиз кузатувчи, назоратчи бўлиб қараб ўтирибсизлар. Албатта президент айтиши керакми? Бу ҳамманинг вазифаси. Ҳамма катта-катта ойлик олиб жойларда ўтирибди. Лекин президент айтгандан кейин бари қимирлаб қолади. Бошқа жойга бориб, бошқа муаммони гапирса, бу масала эсдан ҳам чиқиб кетади ва ўша масалага киришиб кетади. Бу қанақа амалиёт бўлди? Қанақа иш услуби бўлди?” дея танбеҳини давом эттирди Норбоева.
Норбоеванинг фикрича, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик қилганларга тегишли жазо чоралари қонун бўйича кучайтирилди. Лекин у мазкур масала бўйича Олий суднинг фаолиятидан рози эмас.
“Бу масалада Олий суднинг ўрни жуда катта. Хўш, нима иш қиляпсизлар? Биз бирон нарса эшитганимиз йўқ ҳали”, деди Сенат раиси Олий суд вакилларига юзланиб.
Олий суд департаменти бошлиғи Отабек Исмоиловнинг айтишича, айни пайтда ушбу тоифадаги ишларни умумийлаштириш бошланган. Йилнинг охиригача мазкур йўналишда алоҳида плениум қарорлари ишлаб чиқилади.
“Сизлар ярим йил пленум қарорини тайёрласангиз, шу вақт ичида зўравонликка учраган аёллар, болаларнинг тақдири нима бўлади? Бу бўйича қонунни қабул қилганимизга ҳам уч ой бўлди. Муддат ўтган, бирданига қилиш керак эди бу нарсани. Одамлар кутиб турмайди-ку? Сизларнинг пленум қарорларингиз бўлмаса, унинг мезонлари ҳам аниқ бўлмайди, тўғрими? Шунинг учун ҳамма судьяларга мезонларни белгилаб беришингиз керак. Иқтисодий зўравонлик, ёки психологик зўравонлик нима, қандай қилиб баҳоланади, қандай жавобгарлик қўлланилади? Буларнинг мезонлари бўлиши керак. Бўлмаса судьялар қандай қилиб жойида баҳолашади? Шунинг учун биз зўравонлик ҳолатлари бўлаётганини эшитяпмиз-у қандайдир чора қўлланганини эшитмаяпмиз. Албатта, судлар бу мустақил институт. Лекин мустақил дегани, ҳеч ким талаб қўёлмайди, дегани эмас. Одамлар бу талабни қўйяпти. Келиб бизга мурожаат қиляпти”, деди Норбоева.
Бундан ташқари, у Сенатнинг мазкур масалага жавобгар икки қўмитаси –Гендер масалалари қўмитаси ва Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси раҳбарларига ҳам дакки бериб, уларнинг иши умуман талабга жавоб бермаслигини айтган.
“Қараб ўтирманглар, кейинги ҳафта биз буни кун тартибига олиб чиқамиз. Мана, мен айтяпман буни. Гендер масалалари таркибида кўриб чиқамиз”, деб ўтирганларни огоҳлантирди Танзила Норбоева.
LiveБарчаси