Президент тўйлар масаласида топшириқ берди
Жамият
−
28 Август 2020
54504Аввал хабар берганимиздек, бугун, 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Унда яна бир бор коронавирус пандемияси билан боғлиқ масала муҳокама қилинди. Давлат раҳбари карантин юмшатилган даврда тўй ўтказиш масаласига тўхталди.
Йиғилишда ҳокимлар, сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди идоралар ходимлари ҳар бир маҳаллада, жамоат жойлари, транспорт ва корхоналарда санитария талаблари бажарилиши бўйича темир интизомни таъминлаши зарурлиги айтиб ўтилди. Айниқса, тўй-маросимларни бир неча кун давомида ёки бир кунда 3-4 марта ўтказиш ҳолатларига чек қўйиш кераклиги алоҳида таъкидланган.
Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 15 мартидан тўйлар ўтказишга рухсат берилди. Бунда тўй маросимлари фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан ошмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказилиши белгиланди.
Бироқ, тартибларни бузиб, катта тўйларни давом эттираётганлар ҳамон учраб турибди. Худди шундай тўй маросимларидан бири куни кеча 150 кишилик меҳмон билан Бухорода бўлиб ўтган.
ИИВнинг қайд этишича, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, маросим ўтказилишидан аввал профилактика инспектори маросим ўтказаётган хонадон эгасини расман огоҳлантириши лозим. Белгиланган талабларни бузган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларни бузиш), яъни карантин қоидаларига риоя қилмай, коронавирус инфекциясини тарқалишига сабабчи бўлаётганлигингиз учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солинишига ёки ушбу хатти-ҳаракат оғир оқибатларга, жумладан эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса, Жиноят кодексининг 2571-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш)га асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.
LiveБарчаси