Бухорода 150 кишилик тўй ўтказилди. Тўй эгаси жаримага тортилди
Жамият
−
26 Август 2020
17554Бухоро вилоятининг Олот туманида қиз узатди тўй маросимини ўтказиб, унга 150 кишини таклиф қилган фукаро жаримага тортилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон24” телеканалида хабар қилинди.
Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 15 мартидан тўйлар ўтказишга рухсат берилди. Бунда тўй маросимлари фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан ошмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказилиши белгиланди.
Куни кеча Бухоро вилояти Олот тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари томонидан ўрганишлар жараёнида тумандаги хонадонларнинг бирида қиз узатди тўй маросимида 150 киши иштирок этгани аниқланган.
Олот тумани ИИБ профилактика инспектори Қандиёр Рўзиевнинг айтишича, бу билан фуқаро амалдаги карантин талабларини бузиб, касалликни аҳоли орасида тарқалишига шароит яратиб берган.
“Эрталаб оила бошлиқларидан тўйни карантин нормаларига монанд ўтказиш бўйича тилхат олинган. Кечки пайт бориб текширганимизда тўйхонада 150 нафардан ортиқ фуқаро бўлганлиги сабабли маъмурий баённома тузилди”, дейди инспектор.
Ҳуқуқбузар фуқарога нисбатан “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун 39-моддаси – ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси – эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш моддаси иккинчи қисмига асосан баённома расмийлаштирилиб, унга шу модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари яъни 4 миллион 460 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
LiveБарчаси