Президент Тожикистон Ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Жамият
−
17:18 523 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “C5+1” форматидаги Ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинни қабул қилди. Бу ҳақда давлат етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон раҳбарига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Маълум қилинишича, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилган.

“Ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги кооперация лойиҳалари фаол паллага кирди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланган. Томонлар минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди ҳамда Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаевни қабул қилган эди.
Live
Барчаси