Президент Тошкентдаги экологик вазият бўйича фармон чиқарди
Жамият
−
25 Ноябрь 2025 7789 2 дақиқа
Тошкентда экологик вазиятни яхшилаш юзасидан махсус комиссия тузилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 24 ноябрь куни имзоланган “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган.
Фармонга мувофиқ, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилди.
Махсус комиссия атмосфера ҳавоси сифатига салбий таъсир қилувчи моддалар ёққан иссиқхоналар ва бошқа объектлар фаолиятини вақтинча тўхтатади ёки тугатади.
Кеча, 24 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Администрация ҳамда алоқадор идоралар раҳбарияти иштирокида Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказганди.
Йиғилишда сўнгги кунларда кузатилаётган ҳаво ифлосланиши даражаси чуқур ташвиш уйғотаётгани, пойтахт аҳолисини ҳақли равишда хавотирга солаётгани, бу ҳолат тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этаётгани қайд этилган.
Маълумот учун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича етакчи ўринга чиққанди. Мутахассислар ифлосланишнинг ортишини кескин ҳарорат ўзгаришлари туфайли юзага келган инверсия билан боғлиқ эканини айтмоқда. Бундай шароитда зарарли зарралар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолади. Ҳаво сифатини яхшилаш учун пойтахтнинг Яккасарой туманида жойлашган Тошкент иссиқлик электр марказида мазутдан воз кечилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пойтахт Тошкентда дарахтлар сонини кўпайтириш, экологик вазиятни барқарорлаштириш ва атмосфера ҳавосини тозалаш мақсадида “Яшил белбоғ” ва “Яшил коридор” лойиҳалари амалга оширилиши маълум қилинганди.
Live
БарчасиСурияда КИП қўмондони ўлдириб кетилди
21 Январь