Шавкат Мирзиёев реконструкция қилинган “Турон” стадионини бориб кўрди
Спорт
−
18 сентябр 760 2 дақиқа
Бугун, 18 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Нукус шаҳридаги реконструкция қилинган “Турон” стадиони билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мажмуанинг янгиланиши ҳудудда оммавий ва профессионал футболни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни саралаш ва спортчиларнинг тайёргарлигини ошириш учун янги имкониятлар яратган. Бу ишлар давлат раҳбарининг 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларга мувофиқ амалга оширилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 118,6 миллиард сўмни ташкил этади. Мажмуада 85 нафар кишининг доимий бандлиги таъминланган. Реконструкция натижасида стадион сиғими 9,3 мингдан 12 минг ўринга етказилган.

“Турон” стадиони “Арал” профессионал футбол клубининг базаси ҳисобланади. У ерда Республика футбол академиясининг 190 нафар тарбияланувчиси мунтазам машғулотлар ва ўқув йиғинларини ўтказмоқда. Мажмуада иккита спорт зали ва иккита қўшимча стадион ҳам мавжуд.

Академия тарбияланувчилари учун 196 ўринли ётоқхона, 84 ўринли ошхона, тренажёр заллари ва тактик таҳлил хоналари ташкил этилган. Шунингдек, енгил атлетика, бокс ва таэквондо бўйича бир вақтнинг ўзида 100-150 нафар спортчининг шуғулланиши учун шароит яратилган.

Стадионда оммавий ахборот воситалари учун махсус платформалар, офсайд камераларини ўрнатиш нуқталари ҳамда марказлашган VAR тизими учун алоҳида зона ташкил этилган. Мазкур инфратузилма мусобақаларни юқори савияда ўтказиш ва ёритишга хизмат қилади.

Давлат раҳбари мажмуадаги шароитлар билан танишиб, Қорақалпоғистонда спортни, хусусан, футболни ривожлантириш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берган.

Президент шу ерда машғулот ўтаётган ёш спортчилар билан самимий суҳбатлашган ва улар билан эсдалик учун суратга тушган.
Live
Барчаси