Президент регби тўғрисидаги қарорни имзолади
Жамият
−
30 Октябрь 2019
4577Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида регби спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қуйида қарорнинг тўлиқ матни келтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, спортнинг ҳар хил турларини, шу жумладан, регбини янада оммалаштириш, спорт билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар ва инфратузилма яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ҳозирги вақтда регби республикамизда жадал ривожланаётган спорт турларидан биридир. Ўзбекистон регби федерацияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди ҳамда фаолият кўрсатмоқда, регби бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси нуфузли халқаро мусобақаларда (“Asian Olympic Pre-Qualifier”, “Asian 7’s”) фаол иштирок этиб, шарафли ўринларни эгаллаб келмоқда, ушбу жамоа Осиё минтақасидаги давлатлар орасида кучли саккизликка киради.
Шу билан бирга, моддий-техник база ва инфратузилманинг етарли эмаслиги, регби бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг уйғун тизими яратилмаганлиги соҳанинг янада ривожланишига ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлашга тўсқинлик қилмоқда.
Регбини янада ривожлантириш, уни республика аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида фаол тарғиб қилиш ва оммалаштириш, юқори сифатли ўқув-машқ жараёнини таъминлаш, регбичилар, тренерлар ва ҳакамларнинг маҳорат даражаси ва малакасини доимий ошириб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, регбичи-спортчиларни тайёрлаш учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон регби федерациясининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
а) ҳар бир ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида регби бўлимларини очиш;
б) болалар-ўсмирлар спорт мактабларига ишга қабул қилинаётган регби бўйича мураббийлар номзодларини Ўзбекистон регби федерацияси билан мажбурий келишиш тартибини жорий қилиш;
в) қуйидагиларни назарда тутувчи регби бўйича спорт мусобақаларини ўтказишнинг тўрт босқичли тизимини жорий этиш:
биринчи босқичда – спорт клублари, секциялари жамоалари ўртасидаги спорт мусобақалари (чемпионат, биринчилик, кубок);
иккинчи босқичда – спорт клублари, секциялари ўртасидаги мусобақаларда ғолиб чиққан жамоалар ўртасида туман (шаҳар) спорт мусобақалари (чемпионат, биринчилик, кубок);
учинчи босқичда – туман (шаҳар) спорт мусобақаларида ғолиб чиққан жамоалар ўртасида ҳудудий спорт мусобақалари (чемпионат, биринчилик, кубок);
тўртинчи босқичда – ҳудудий спорт мусобақаларида ғолиб чиққан жамоалар ўртасида республика спорт мусобақалари (чемпионат, биринчилик, кубок).
2. 2019-2022 йилларда республикада регбини янада комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Чора-тадбирлар дастури) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш доирасида қуйидаги устувор йўналишлар ва вазифалар белгилансин:
иқтидорли спортчи ёшларни танлаб олиш (селекция ишлари) фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва регби бўйича ўқув-машқ жараёнини сифатли ташкил этиш;
регбини оммалаштириш, ёшларни спорт клублари, секциялар ва тўгаракларга фаол жалб қилиш, улардан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш;
тренерлар, ҳакамлар ва регби бўйича бошқа мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;
регби бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун сифатли ва самарали тайёргарлигини таъминлаш;
халқаро мусобақаларнинг ғолиблари ва совриндорларини рағбатлантириш, шунингдек, тренерлар, ҳакамлар ва регби бўйича бошқа мутахассисларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтириш;
регбининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва инфратузилмасини такомиллаштириш.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига қуйидаги вазифаларни ҳал этиш юклатилсин:
ҳудудий регби федерацияларининг молиявий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
тегишли ҳудудларнинг раҳбар кадрлари орасидан номзодларни ҳудудий регби федерациялари раиси лавозимига тавсия этиш;
тегишли ҳудудда профессионал регбининг ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, камида битта профессионал регби клубини ташкил этиш, регби машғулотларини ўтказиш учун стадионлар, шунингдек, тегишли ҳудудий регби федерацияларини жойлаштириш учун бинолар ажратиш.
4. Ўзбекистон регби федерацияси фаолиятини ва унинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишни молиялаштириш манбалари қуйидагилар эканлиги маълумот учун қабул қилинсин:
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасида назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун ажратиладиган маблағлар;
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси маблағлари;
ҳомийлар маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг спорт клублари стадионларида мунтазам равишда регби бўйича ўқув-машғулотлар ва мусобақалар ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиб берилишини беғараз асосда таъминласин.
6. Маълумот учун қабул қилинсинки:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сон Фармони билан тасдиқланган Олимпия спорт турларини 2018-2021 йилларда кейинчалик ривожлантириш ва оммалаштириш комплекс чора-тадбирлари дастурининг 21-бандига мувофиқ Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ қишлоғида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари томонидан ўқув-машқ жараёнини ўтказиш учун Ўзбекистон регби федерациясининг спорт базасини қуриш кўзда тутилган;
спорт базасини сақлаш ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш Ўзбекистон регби федерацияси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ қишлоғида Ўзбекистон регби федерациясининг спорт базаси қурилишини 2020 йилга мўлжалланган жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастурига киритилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон регби федерацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, профессионал регби клублари белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга мувофиқ олиб кириладиган, регби бўйича спорт объектларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт ускуналари, инвентарь ва махсус профессионал спорт анжомлари учун 2023 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ҳамда божхона йиғимлари бундан мустасно) озод этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида регби бўйича мутахассисларни тайёрловчи йўналишлар очиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ушбу бандни амалга ошириш бўйича чоралар кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ўзбекистон регби федерацияси билан биргаликда:
мамлакатимизда регбини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш, фуқароларнинг ушбу спорт турига қизиқишини шакллантириш чоралари кўрилиши;
болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг замонавий халқаро талабларга жавоб берадиган спорт жиҳозлари ва инвентарь, регби учун спорт кийимлари ва пойабзал билан таъминланиши;
регби инфратузилмаси ривожланган мамлакатларда ўқув-машғулот йиғинларининг ташкил этилиши;
ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида регби бўлимларини очиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон регби федерациясининг буюртманомасига биноан жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон регби федерациясининг буюртманомасига биноан жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга давлат божини ундирмасдан кўп марталик визаларни бериш ва уларни узайтириш ҳамда вақтинча яшаш жойида вақтинча рўйхатга олишни расмийлаштириш ва уни узайтиришни белгиланган тартибда таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон регби федерациясининг буюртманомаларига биноан хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб этиш учун рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, мазкур хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг ўрнатилган тўловлар ундирилмасдан берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.
13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида регбининг ривожланишини, регби жамоалари, тренерлар ва регби бўйича бошқа мутахассислар фаолиятини мунтазам равишда ва кенг ёритиб бориш ҳамда регби бўйича расмий мусобақалар ўтказилишини тарғиб қилиш тавсия этилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 29 октябрь