Президент Пискент туманини ажратилган кредитлар сарфи юзасидан танқид қилди
Жамият
−
12:12 1944 2 дақиқа
Бугун, 3 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселекторда мамлакат раҳбари томонидан ажратилган кредит ресурсларининг натижадорлиги туманлар кесимида қиёсий таҳлил қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Қайд этилишича, ўтган даврда Шароф Рашидов ва Қарши туманларига бир хил – 2 триллион 300 миллиард сўмдан кредит ресурси берилган. Шароф Рашидов туманида ушбу маблағ ҳисобидан 30 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган бўлиб, бир кишига ўртача 78 миллион сўм тўғри келган. Қарши туманида эса 13 минг эҳтиёжманднинг шароити яхшиланиб, бир кишига ўртача 176 миллион сўм сарфланган.
Қамаши ва Пискент туманларига 1 триллион 100 миллиард сўмдан кредит берилган. Қамашида 28 минг, Пискентда эса атиги 4,5 минг камбағал аҳоли бу тоифадан чиқарилган.
Шунингдек, Ғузор, Нишон, Муборак, Янгиқўрғон, Тойлоқ, Бойсун, Олтинсой, Бандихон, Бешариқ, Фарғона туманлари ҳамда Нурафшон, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ҳам шундай ҳолат кузатилаётгани айтилган.
Маълум қилинишича, Пискентда ҳар бир одамни камбағалликдан чиқаришга 250 миллион сўм кредит тўғри келмоқда. Ваҳоланки, бошқа ҳудудда шунча пулга саноатда юқори даромадли доимий иш ўрни яратилаётгани кўрсатиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев мазкур йиғилишда туман ва маҳаллада камбағаллик ҳамда ишсизликка масъул ходимларда ҳадик борлиги, ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаётгани учун танқид қилганди.
Live
Барчаси