Президент масъулларга энергетика тизимини ислоҳ қилиш бўйича топшириқ берди
Жамият
−
26 Октябрь 2023
8269Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида энергетика бозори регулятори фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 26 октябрь куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов давлат раҳбарига жорий йилнинг 28 сентябрдаги “Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш муддатлари ва соҳадаги режалар ҳақида ахборот берган.
Унда норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, бозор инфратузилмасини яратиш, энергетика тизимини энг қуйи бўғинига қадар рақамлаштириш, инсон омилисиз реал вақтда ишлайдиган ақлли бошқарув тизимини (SCADA) жорий этиш зарурлиги айтиб ўтилган.
Кўплаб давлатларда бу ислоҳотлар учун 15 йил вақт кетгани, Ўзбекистонда буни уч босқичда, 2030 йилгача якунлаш режалаштирилгани таъкидланган.
Шу боис, фармонга мувофиқ, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги тузилди ҳамда унга энергорегулятор вазифаси юклатилган.
Тақдимот давомида Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга республикани электр билан таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича аниқ кўрсатмалар берган.
Бунда, эркин энергетика бозорига ўтишнинг асосий шарти мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талабни тўлиқ таъминлаш учун етарли генерация қувватларини яратиш экани алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, ягона электр савдоси платформасини яратиш ва 2024 йил якунига қадар уни синовдан ўтказиб, ишга тушириш вазифаси қўйилган.
Президент энергетика бозорини эркинлаштириш жараёнида электр энергиясини аҳолига республиканинг барча ҳудудларида 2035 йилга қадар бир хил нархда сотилиши талабига ҳамда тарифларни белгилашда ижтимоий ҳимоя принципига қатъий риоя этиш шартлигини таъкидлаган.
Янги тизим самарали ишлаши учун учта йўналиш – кадрлар тайёрлаш, тармоқнинг илм-фан билан узвийлигини таъминлаш ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилган. Бундай комплекс ишлаш тартибини марказдан тортиб ҳудудларгача татбиқ этиш топширилган.
Шу боис агентликка билимли мутахассис ва хорижий консультантлар ишга олинади. Ходимлар Испания, Хитой, Туркия ва Германияга малака оширишга юборилиши ҳамда хорижий тажриба асосида юртимизда ҳам муҳандис, диспетчер, SCADA оператори ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш учун ўқув курслари ташкил қилиниши айтилган.
Мирзиёев тақдимот якунида унда кўриб чиқилган масалалар юзасидан соҳа масъулларига бир қатор топшириқлар берган.
LiveБарчаси