Президент коронавирус бўйича ҳақиқий ҳолатни яшириш жиноий жавобгарликка олиб боришини айтди
Жамият
−
28 Август 2020
6173Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Давлат раҳбари кун тартибидаги асосий масалага ўтишдан олдин коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталди. Жорий ҳафтада кунига ўртача 370 та янги бемор аниқлангани, карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда ушбу рақам назорат кўрсаткичи бўлиши қайд этилди.
Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.
Ҳокимлар, сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди идоралар ходимлари ҳар бир маҳаллада, жамоат жойлари, транспорт ва корхоналарда санитария талаблари бажарилиши бўйича темир интизомни таъминлаши зарурлиги айтиб ўтилди. Айниқса, тўй-маросимларни бир неча кун давомида ёки бир кунда 3-4 марта ўтказиш ҳолатларига чек қўйиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Коронавирусга чалинган беморларни дунёдаги энг илғор ва ишончли усуллар билан даволаш учун барча чоралар кўрилаётгани, жумладан, ҳозирги пайтда Россия, Германия, Туркия, Хитойдан 75 нафар юқори малакали шифокор Ўзбекистонда иш олиб бораётгани таъкидланди.
“Инфекцияни юқтирмаслик, аввало, ўзимизга, ўз соғлиғимизга бўлган эътиборимизга, оиламиздаги муҳитга боғлиқ. Агар ҳамма, бутун жамиятимиз тозалик, тиббий ҳимоя ва ижтимоий масофа қоидаларига амал қилса, касаллик кўпаймайди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда кўмакка муҳтож оилаларга моддий ёрдам бериш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Шу мақсадда 26 август куни давлат раҳбарининг “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги яна бир қарори қабул қилинган эди.
Қарорга кўра, кўмакка муҳтож оилаларнинг болаларини қишки кийим-бош, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида “темир дафтар”га киритилган, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга 500 минг сўмдан ёрдам пули берилади. Ушбу моддий ёрдам билан жами 810 мингдан зиёд болалар қамраб олинади. Бунинг учун 400 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари ажратилди.
Боқувчисини йўқотган оилалардаги ва ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болалар бўйича аниқ ҳисоб-китоблар мавжуд бўлиб, тўловлар Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва нафақага қўшиб берилади. Бу жуда қулай, чунки тизим бор.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, ҳокимлар ҳамда сектор раҳбарларига ёрдам пулларини муҳтож оилаларга адолатли, очиқ ва тўғри етказиб бериш, ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик юзасидан топшириқлар берилди. Аҳоли билан учрашиб, ушбу маблағлар ҳақиқатда ёрдамга муҳтож болаларнинг баркамол ривожланиши ва соғлиғи учун сарфланиши зарурлигини тушунтириш вазифаси қўйилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь