Президент қорақалпоғистонликлар билан мулоқот қилмоқда
Жамият
−
02 Июль 2022
16471Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида Жўқорғи Кенгес депутатлари ва фаоллар билан мулоқот қилмоқда.
“Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси давом этмоқда.Албатта, конституциявий ислоҳотларимиз Ватанимизнинг бугунги ва келажак ҳаёти учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир. Муҳокамаларда кўпмиллатли халқимиз ўзининг кўплаб таклиф ва тавсияларини билдирмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги эълон қилинган Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилади. Шундан сўнг фуқаролар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида Қонунчилик палатаси томонидан такомилига етказилади.
Кейин эса мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилиб, фуқароларимиз эркин овоз бериш орқали ўзларининг бу масала бўйича хоҳиш-иродасини ифода этади.
Шундан кейингина Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонуний тусга киради.
Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган Конституциямизни такомилига етказиш учун қанча вақт ва муддат керак бўлса, бу жараён шунча давом этади. Бу борада фақат халқимиз билан бамаслаҳат иш олиб борамиз.
Лекин, айрим жойларда ушбу масаланинг моҳиятини талқин қилишда тушунмовчилик ҳолатлари учрамоқда.
Жумладан, лойиҳада кўзда тутилган, Қорақалпоғистон Республикасига оид айрим нормаларга бир гуруҳ шахслар томонидан норозилик билдирилган. Бунинг натижасида жорий йил 1 июль куни Нукус шаҳрининг марказий кўчаларида намойишлар уюштирилган.
Улар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини ноқонуний эгаллашга уриниш ҳаракатлари содир этилган. Шу муносабат билан қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлашни зарур, деб ҳисоблайман. Халқимиз ҳукмига ҳавола этилган мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси ҳали қабул қилинмаган, умумхалқ муҳокамасига қўйилган, холос.
Яна бир бор таъкидлайман: фуқароларимизнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгаради ва такомилига етказилади”, дея таъкидлади Мирзиёев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь