Президент қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида қатнашди (фото+видео)
Жамият
−
31 Август 2023
6987Бугун, 31 август куни Тошкент шаҳридаги Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими бўлди. Маросимда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинган. Элга ош тортилган. Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинган.
“Ҳар сафар бу ерга келиб, халқимиз озодлиги йўлида қурбон бўлган жасур боболаримизни эслаб, кўнглимиз таскин топади. Уларни хотирлаш, эзгу ишларини давом эттириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Қатағон қилинган етакчиларимизнинг тақдири барчамизни мустақиллигимизни қадрлашга, уни асраб-авайлашга ундайди. Мана шундай мустақилликда, тинчликда яшашнинг ўзи Аллоҳ таолонинг катта марҳамати, неъмати. Бунинг учун шукроналик билан, унинг қадрига етиш керак”, деган Президент.
Маълумки, совет тузими даврида минглаб ўзбекистонликлар қатағонга учраган. Оилалари хонавайрон бўлиб, болалари етим қолган. Биргина 1937-38 йиллардаги катта қирғин даврида 7 мингга яқин зиёлилар отилган.
Ҳозирги хиёбон шундай қатллар ижро этиладиган мудҳиш жой бўлган. Энди эса у обод масканга айлантирилди. Бу ерда “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда унинг филиаллари ташкил этилган. Айни пайтда музейда Туркистон маърифатпарварларига бағишланган кўргазма очилди.
Маросимда 1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учрагани, уларнинг 13 минг нафари отиб ташлангани яна бир бор ёдга олинган. Афсуски, тазйиқлар бу билан чекланиб қолмаган. Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ўзбекистонликлар адолатсизлик қурбони бўлган. “Пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан республика бўйича 40 минг киши тергов қилинган, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Давлат раҳбари Ўзбекистонга йигирма беш йил раҳбарлик қилган Шароф Рашидов ҳам ўлимидан кейин сиёсий қатағонга учрагани аламли эканини айтган. Жадидлар ҳаётини ўрганиш, ноҳақ қатағонга учраган инсонлар хотирасини абадийлаштириш бўйича хайрли ишлар қилинаётгани таъкидланган.
“Бу борада адолатни тиклаш бўйича кўп ишлар қиляпмиз. Тарихчи олимлар иштирокида комиссиялар тузилди, архив ҳужжатлари ўрганилаяпти. Охирги икки йилда Ўзбекистон Олий суди 850 нафардан зиёд, бу йил 240 нафар ана шундай жабрдийда ватандошларимизнинг номини оқлади. Бундай изланишларни ҳеч қачон тўхтатмаслигимиз керак. Негаки ҳақиқатни халқимиз билиши керак”, деган Шавкат Мирзиёев.
Айтилишича, бу даврга оид тарих янги топилаётган ҳужжатлар ва ашёлар билан бойиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича “Хотира” китоблари тайёрланган. Уларга 40 мингга яқин ўзбекистонлик тўғрисидаги маълумотлар киритилган. Бу тўпламлар яқин вақт ичида чоп этилади.
Президент Мирзиёев шулар билан бирга қатағон қурбонлари яшаган маҳаллаларда уларнинг номлари, фаолиятини муҳрлаб қўйиш зарурлигини таъкидлаган.
“Музейлар қилдик, китоблар чиқаяпти, кўпчилиги оқланяпти. Лекин шу билан унутилиши керак эмас. Менинг назаримда, қатағон қурбонлари туғилиб ўсган ёки бугун авлодлари яшаётган маҳаллада, ўша ердаги мактабда уларнинг номларини ёзиб қўйсак, ҳам савобли, ҳам ибратли иш бўларди. Қолаверса, мана шундай байрамларда, хотира кунларида хонадонларини зиёрат қилиш керак. Нега уруш қатнашчиларини уйига борамизу, қатағон қурбонларини эсламаймиз?! Уларнинг ҳар бирининг ҳаёти – қаҳрамонлик. Биз буни ўрганиб, ташвиқот қилиб, ёшларимизга етказишимиз керак”, дейди давлат раҳбари.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь