Президент қарори билан Адлия вазирлигига янги ваколат берилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар беди.

Қарор билан қонун ҳужжатларини амалиётда қўллаш самарадорлигини таҳлил қилиш ва уларнинг функционаллигини аниқ мезонлар асосида баҳолаш тизимини яратилди. Шунингдек, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасидаги ўзаро алоқа тизими такомиллаштирилди.

Мазкур ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида, Адлия вазирлиги давлат бошқарув органларининг ҳуқуқий мониторингни ўтказиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Шунингдек қарор билан ҳуқуқий мониторинг тизимининг асосий вазифалари белгилаб берилди. Жумладан:

•    норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ягона амалиётини жорий этиш;

•    ҳуқуқни қўллаш амалиётнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш мақсадларига мувофиқлигини ўрганиш;

•    ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тўлиқлигини таъминлаш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги коррупцияга оид омилларни аниқлаш ва бартараф этиш каби бошқа яна бир қатор вазифалар белгиланди.

Махсус ваколатли орган сифатида Адлия вазирлигига давлат бошқарув органлари томонидан ўтказиладиган ҳуқуқий мониторинг жараёнида иштирок этиш, ҳуқуқий мониторингни ўтказишда қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш каби қўшимча ваколатлар берилди. Ҳозирда Адлия вазирлигининг марказий аппаратида ҳуқуқий мониторинг бўйича махсус бўлим ташкил этилди, ушбу бўлим қарорда белгилаб берилган асосий вазифаларни ижросини сифатли ва ўз вақтида таъминлаб беришга хизмат қилади.

Қарорга мувофиқ, республикада ҳуқуқий мониторинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ҳуқуқий мониторинг ўтказиш режаси асосида амалга оширилади.

Жумладан, мазкур режа Адлия вазирлиги томонидан давлат бошқарув органлари тақдим этган таклифлар асосида шакллантирилиши ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида муҳокама қилинган ҳолда тасдиқланиши назарда тутилган.

Ҳуқуқий мониторингни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар махсус электрон майдончада амалга оширилади.

Ҳуқуқий мониторинг ўтказишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш давлат органларининг юридик хизматлари томонидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органлари томонидан ҳуқуқий мониторинг ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни танлаб олиб, уларни сифатини янада яхшилаш мақсадида такрорий ҳуқуқий мониторинг ўтказиши мумкин. Бу ҳам давлат органларининг масъулияти ошишига хизмат қилади.

Давлат бошқаруви органлари томонидан ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижаларини таҳлил қилиш ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгилаш мақсадида улар тўғрисидаги ҳисобот Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида муҳокама қилинади.

Ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилиниши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

қарор Адлия вазирлиги мониторинг

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг