Сиз хизмат сафари (командировка)га юборилдингиз: ўз ҳуқуқларингизни биласизми?
Фойдали
−
11 Декабрь 2019
31051Бугунги кунда ходимни хизмат сафарига юбориш билан боғлиқ муносабатлар жадаллашмоқда ҳамда салмоғи ортиб боряпти. Бу эса ўз навбатида ушбу муносабатларда ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, шунингдек бу билан боғлиқ қонунчиликни янада такомиллаштиришни ҳаётий заруратга айлантириб қўймоқда.
Айрим корхонлар учун хизмат сафари – бу оддий ҳол, бошқалар учун эса хизмат сафарига юборилган ходим ҳамда ташкилот олдига кўпгина саволларни қўядиган ҳодисадир. Чунки хизмат сафари билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, уларнинг айрим нормаларига аксарият ҳолларда амал қилинмайди. Бу эса иш берувчи билан ходим ўртасида муайян низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида хизмат сафари тушунчасининг моҳияти ўз аксини аниқ топмаган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2003 йил 29 августда 1268 сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида”ги Йўриқноманинг қабул қилиниши билан нафақат хизмат сафари тушунчаси, балки хизмат сафарини тартибга солиш, хизмат сафари билан боғлиқ бўлган харажатларнинг қопланиши масалалари ҳам ўзининг ҳуқуқий асосига эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, бу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарларини тартибга солади. Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафари эса “Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисида”ги низом
билан тартибга солинади. Кўпчилик ходимлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари билан тўқнаш келганлари учун, шу мавзуга тўхталамиз.
Хизмат сафари деб ходимни ташкилот, муассаса, бирлашма, корхона раҳбарини фармойишлари бўйича, ўзининг доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга, маълум бир муддатга юборилиши (бориб келиш) тушунилади.
Ташкилотни таркибига кирувчи филиаллар (шахобчалар), участкалар ва бошқа бўлинмалар бошқа ерда жойлашган ҳолларда доимий иш жойи бўлиб меҳнат шартномасида белгиланган ишлаб чиқариш бўлинмаси ҳисобланади.
Доимий иши йўлда ёки кўчиб юриш билан боғлиқ бўлган, ёхуд доимий ҳаракатланувчи тусга эга бўлган ходимларни хизмат юзасидан бориб келишлари хизмат сафари ҳисобланмайди.
Ходимларни хизмат сафари муддати ташкилот раҳбари томонидан белгиланади ва ҳар бир ҳолат учун йўлдаги вақтни ҳисобга олмаган ҳолда 40 кундан кўп бўлмаслиги керак. Ушбу тартиб шунингдек ходимларни тафтиш ва текширишларни ўтказиш учун хизмат сафарига юборишга ҳам тааллуқлидир.
Монтаж, созлаш ва қурилиш ишларини бажариш учун юбориладиган ходимлар, раҳбарлар ва мутахассисларни хизмат сафарлари муддати 12 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.
Хизмат сафари муддатини узайтириш истисно тариқасида фақат хизмат сафарига юборган ташкилот раҳбарининг ёзма рухсатномасига асосан рухсат берилади.
Ходимга хизмат сафарига кетишдан олдин кундалик, йўл харажатлари, турар жойни ижарага олиш харажатлари чегарасида пул кўринишидаги аванс (бўнак) тўланиши керак.
Ходим хизмат сафаридан қайтган кундан эътиборан 3 иш куни мобайнида топширадиган аванс ҳисоботига асосан етмай қолган пул суммаси тўлаб берилади ёки ортган пул ташкилотга қайтарилади.
2019 йил 13 сентябрда “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида”ги Йўриқномага киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Эндиликда йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаган хизмат сафарида бўлган бюджет ташкилоти ходимларига ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)*нинг 0,08 фоиз миқдорида (178 сўм 40 тийин) йўл харажати тўланади (илгари бу масалани белгиланган талаблар асосида корхона раҳбарининг ўзи ҳал қилган). Эслатма: 2019 йил декабрь ойи ҳолати бўйича базавий ҳисоблаш миқдори 223 000 сўм.
Бошқа ташкилот ходимларига жамоа шартномаси ёки меҳнат шартномасида белгиланган миқдорларда бироқ, ҳар бир километрга БҲМнинг 0,08 фоизидан кам бўлмаган миқдорда йўл ҳақи тўланади.
Масалан, Тошкент шаҳрида ишловчи ходим Фарғона шаҳрига хизмат сафарига юборилди. Унда йўл ҳужжатлари (темир йўл ёки авиачипталар) мавжуд эмас. Ходим маҳаллий таксилар хизматидан фойдаланган ёки шахсий машинасида борган деб тасаввур қиламиз. Демак, ходимга 330(Тошкент-Фарғона шаҳарлари орасидаги тахминий масофа)*178.4=58 872 сўм, бориш-келиш харажатлари учун эса жами 117 744 сўм тўлаб берилиши лозим.
Шунингдек, меҳмонхоналарнинг люкс-номерларида яшаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, ушбу номер қийматининг 70 фоизигача миқдори бюджет маблағлари ҳисобидан, қолган қисми эса ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади (илгари фақат 70 фоиз миқдорида қоплаб берилган).
Хизмат сафарида ижарада турганлик бўйича ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, ҳар бир сутка учун БҲМнинг 20 фоизи миқдорида (44 600 сўм) харажатлар қопланади (илгари энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоизи (бор йўғи 4 460сўм) миқдорида қопланган).
Ходим хизмат сафаридан қайтган кундан эътиборан 3 иш кун мобайнида аванс (бўнак) ҳисоботини тақдим қилиши шарт (илгари 3 кун бўлган).
Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди.
Жамоа шартномасида корхонанинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда бошқа шартлар, шу жумладан қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган нормалар ва қоидаларда кўрсатилганига қараганда имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартлар (транспорт ва хизмат сафари харажатлари учун компенсациялар, бошқа қўшимча имтиёз ва компенсациялар) ҳам киритилиши мумкин.
Шунинг учун ташкилотингиздаги жамоа шартномасини бир варақлаб қўйинг!
Муҳаммадамин Каримжонов
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси
LiveБарчаси