Бир куннинг ўзида икки давлатда кучли зилзилалар қайд қилинди
Олам
−
22 Март 2020
13372Бугун, 22 март куни Хорватия ва Индонезияда кучли зилзилалар қайд қилинди. Бу ҳақда "Anadolu" агентлиги хабар бермоқда.
Хорватиядаги зилзила кучи 5,3 магнитуда эканлиги маълум қилинди. Зилзила эпимаркази пойтахт Загребда бўлган. Зилзила маҳаллий вақт билан соат 06:23 да қайд этилди. Зилзила натижасида автоуловларга ва кўплаб биноларга, шу жумладан, турар-жой ва тарихий биноларга зарар етди.
Загреб муниципалитети раҳбари Милан Бандичнинг айтишича, шаҳар тарихий соборининг жанубий минораси жиддий зарар кўрган.
Зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида хабар қилинган. Уларнинг орасида болалар борлиги айтилмоқда.
Шу кунда Индонезиянинг Марказий Сулавеси провинциясида ҳам зилзила содир бўлди. Зилзила кучи 5,1 магнитуда эканлиги айтилмоқда.
Индонезия Метеорология, климатология ва геофизика институти маълумотларига кўра, зилзила эпимаркази Буол туманидан 90 км шимоли-ғарбда бўлган. Зилзила 10 км чуқурликда қайд этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва вайроналар йўқ. Цунами ҳақида огоҳлантириш олинмади.