Президент “Бурҳониддин Марғиноний” мажмуасини очиб берди
Жамият
−
27 Апрель 2943 3 дақиқа
Бугун, 27 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида барпо этилган маданият ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари билан танишиб, унинг очлиши маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Халқимизда “Тўйга тўёна билан” деган яхши гап бор. Фарғонага бу сафар ҳам янги-янги ташаббуслар, катта-катта лойиҳалар билан келдим. Мақсад – вилоят ривожини янги босқичга олиб чиқиш, уни барча соҳаларда намунали ҳудудга айлантиришдан иборат. Бугун очилаётган “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуаси шу йўлда, ҳеч шубҳасиз, янги даврни бошлаб беради”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг айтишича, Миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган, 35 гектар майдонни эгаллаган бетакрор мажмуа Ислом ҳуқуқшунослиги институти, мақом театри, очиқ амфитеатр, ўлкашунослик музейи, адиб ва санъаткорлар хиёбони, ҳунармандлар маркази, меҳмонхона ва сервис шохобчалари сингари кўплаб бино ва иншоотларни ўз ичига олади.

“Буларнинг барчаси, аввало, Марғиноний бобомизнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, ҳудуднинг қадимий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, зиёрат туризмини ривожлантиришга хизмат қилади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш мажмуанинг асосий йўналишларидан бири. Шу билан бирга, ҳудудда қадимий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантириш кўзда тутилган.

Мажмуада “Отабек ва Кумуш уйи” музейи ҳам ташкил этилган. Унинг деворларида “Ўткан кунлар” романи саҳналари жонлантирилиб, адабиёт ва тарихни уйғунлаштирган ноёб муҳит яратилган. Шунингдек, мақом театри, шоир ва рассомлар хиёбони ҳамда кутубхона ҳам жой олган.

Қиймати 1,7 триллион сўм бўлган лойиҳанинг бош режаси Туркиянинг “Studio Vertebra” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Мажмуа икки босқичда барпо этилади. Келгусида бу ерда бизнес марказ, 1500 ўринли масжид, меҳмонхоналар, 400 та савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтаси ҳамда 300 ўринли бозор ташкил этилади.

Давлат раҳбари мажмуа бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирган. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари, бозор расталари билан танишган. Жамоатчилик вакиллари билан самимий суҳбат қурган.

Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, вилоятга йилига ўртача 200-250 минг нафар хорижий сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида 2 мингта иш ўрни яратилади, бюджетга 52 миллиард сўм тушум ва 30 миллион долларлик хизматлар экспорти таъминланади.

Шунингдек, “Бурҳониддин Марғиноний” мажмуаси тажрибасини Бухородаги “Боқий Бухоро”, Самарқанддаги Имом Мотуридий мақбараси атрофи, Қўқондаги Ўрда, Намангандаги “Ахсикент” ёдгорлиги ҳамда Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудларида ҳам кенг жорий этиш режалаштирилган.
