Президент буғдой етиштириш ва сотишга доир муҳим қарор имзолади
Жамият
−
30 Май 2022
23793Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг 2022 йил ҳосилидан суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 2,5 тоннадан жами 2550 минг тонна буғдойнинг:
• 1783,5 минг тоннасини товар буғдой давлат ресурси сифатида ҳамда 266,5 минг тоннасини уруғлик учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан харид қилиш;
• 500 минг тоннасини фермер хўжаликлари ҳамда бошқа ғалла етиштирувчилар (кейинги ўринларда — буғдой етиштирувчилар) томонидан кейинчалик биржа савдоларида сотиш учун Жамғарманинг тижорат вакилида вақтинчалик сақлашга қабул қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Белгиланишича, 2022 йил ҳосили учун:
а) “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги корхоналар товар буғдойни Жамғарма номидан буғдой етиштирувчилардан сотиб олиш, сақлаш, шунингдек, харидорларга жўнатиш тадбирларини амалга ошириш бўйича тижорат вакили ҳисобланади;
б) давлат ресурсларига харид қилинган товар буғдой учун тўловлар буғдой етиштирувчиларга тижорат вакили томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги босқичларда амалда оширилади:
• дастлабки босқичда — Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган нархларда;
• кейинги босқичда — биржада шаклланган ўртача нархдан (ўртача котировкадан) келиб чиқиб, буғдой етиштирувчилар билан тўлиқ қайта ҳисоб-китоб қилинади;
в) буғдой етиштирувчилардан тижорат вакилида вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган товар буғдой 2022 йилнинг июль-август ойларида биржа савдолари орқали сотилади. Бунда:
• буғдойни ташиш (шу жумладан ички ташиш), қабул қилиш, сақлаш ва харидорларга жўнатиш харажатлари тижорат вакили ва буғдой етиштирувчилар ўртасида тузилган шартнома шартлардан келиб чиқиб, Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади;
• буғдойни қабул қилиш, сақлаш ва харидорларга жўнатиш жараёнида юзага келадиган табиий камайиш миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартиб асосида ҳисобдан чиқарилади;
• буғдойнинг сифати ва сақланиши бўйича назорат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилинган ва буғдой етиштирувчилардан вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган:
• 3 ва ундан юқори синфлардаги буғдой — биржадан харид қилинган буғдойнинг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги унни биржа савдолари орқали сотиш мажбуриятини олган, ун ишлаб чиқариш қувватларига эга тадбиркорларга;
• 4- ва 5-синфлардаги буғдой — барча тадбиркорларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган график асосида биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари олис, бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларга ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизидан ошмаган қисмини маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қоплаб беради.
Молия вазирлиги "Ўздонмаҳсулот" АК тизимидаги корхоналарга биржадан буғдой сотиб олиш учун револъвер кредитларни молиялаштириш мақсадида Жамғарма маблағлари ҳисобидан 800 млрд сўмгача тижорат банкларига Марказий банкнинг асосий ставкасида ресурс жойлаштирилишини таъминлайди.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўздонмаҳсулот” АК манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда уч ой муддатда донни қабул қилиш ва омборлардан чиқариш жараёни, шунингдек, Жамғарма, тижорат вакили ва буғдой етиштирувчилар ўртасидаги молиявий ҳисоб-китоблар тезкор ва шаффоф амалга оширилишини таъминлаш мақсадида d-xarid.uz ахборот тизимини ишга тушириши белгиланди.