Президент “Болалар фаровонлигига инвестиция” саммити иштирокчиларини табриклади
Жамият
−
12:11 750 6 дақиқа
Бугун, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити иштирокчиларига табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Сизларни боқий шаҳар – Самарқандда “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммитининг очилиши билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ушбу анжуманни ташкил этишда ҳамкорлик қилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг Болалар жамғармаси – UNICEF, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро ижтимоий таъминот уюшмаси ҳамда барча ҳамкорларимизга миннатдорлик билдираман”, дейди Президент.
Ўзбекистон етакчисининг билдиришича, болалар фаровонлиги ҳақида гапирганда, аввало, уларнинг бугунги ҳаёти назарда тутилади. Ҳар бир бола ҳозирнинг ўзида меҳр, хавфсизлик, сифатли таълим ва зарур тиббий ёрдамга ҳақли. Унинг қадри келажакда қандай касб эгаси бўлиши ёки қанча даромад келтириши билан ўлчанмайди.
Боланинг соғлом ўсиши ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун яратилган шароит мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётига ҳам мустаҳкам асос бўлади. Шу боис болаликка йўналтириладиган маблағлар давлат сиёсатида изчил ва барқарор ўрин эгаллаши зарур.
“Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, мактабгача таълим имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий хизматларни оилаларга яқинлаштириш бўйича ислоҳотларни давом эттирмоқдамиз. Ногиронлиги бўлган болаларнинг таълимда иштирок этиши, болаларни зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз”, дейди Президент.
Билдирилишича, кенг қамровли ислоҳотлар миз натижасида туғруқ жараёнида оналар ўлими, болаларнинг ўсишдан ортда қолиши икки баробар қисқарган, мактабгача таълим қамрови 27,7 фоиздан 78 фоизга оширилган, олти ёшли болаларнинг қарийб 100 фоизи мактабга тайёрловга жалб этилган, олий таълим билан қамров 5 баробар – 9 фоиздан 45 фоизга ошган.
“Биз мамлакатимизда яратилган оила ва бола эҳтиёжини барвақт аниқлаб, ёрдам берадиган ижтимоий ҳимоя тизими орқали сўнгги беш йилда болалар камбағаллиги қарийб 4 бараварга қисқарди.
Шу билан бирга кейинги икки йилдаги ислоҳотлар орқали инклюзив мактаблар сони 5 баробар ортиб, ногиронлиги бўлган болаларнинг 85 фоиздан ортиғи таълим хизматларига жалб этилди.
Бу ишларнинг ҳақиқий натижаси ҳар бир оила ҳаётида сезилиши керак. Чекка ҳудуддаги болага шифокор ўз вақтида етиб боряптими? Мактабда унга ўрганиш учун зарур шароит борми? Зўравонликка дуч келганида у ишонч билан ёрдам сўрай оладими? Биз ўз фаолиятимизни ана шу саволларга бериладиган амалий жавоблар билан баҳолашимиз лозим.
Биз учун оилани қўллаб-қувватлаш – боланинг хавфсизлиги ва энг устун манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу ота-онага вақтида кўмак беришни, боланинг оиладан ажралиб қолишининг олдини олишни, зарур ҳолларда эса унга хавфсиз ва барқарор оилавий парвариш топишни талаб қилади”, дейди Президент.
Ўзбекистон етакчисига кўра, шу боис, ҳар бир бола меҳр ва ғамхўрликка асосланган оила муҳитида вояга етиши устувор аҳамиятга эга. Бугунги кунда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларнинг 100 фоизи оила бағрида тарбияланмоқда.
“Ўзимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган ҳикмат бор. Унда болага бефарқ бўлмаслик, оилани ёлғиз қолдирмаслик маъноси мужассам. Бугун бу анъана давлатнинг аниқ кафолатлари, малакали мутахассислар хизмати ва ҳар бир боланинг шахсий дахлсизлигига ҳурмат билан мустаҳкамланиши керак.
Миллий тажрибамиздаги меҳр ва ҳамжиҳатликни дунёнинг илғор билимлари билан бойитишга интиламиз. “ЎЗ” ғоямизни биз шу маънода тушунамиз: ўз қадрини англаш, ўзганинг қадрини ҳурмат қилиш ва келажак учун масъулият олиш”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, бола ўз тили ва маданий илдизларидан куч олиб, бошқа халқларга ҳурмат билан қараб улғайиши керак. Унинг савол бериш, мустақил фикрлаш, ижод қилиш ва дунё билимини эгаллаш имкониятини кенгайтириш – бу ғоянинг ҳаётдаги ифодаси. Ўзбекистондаги ҳар бир бола миллати, тили, эътиқоди, саломатлиги ёки оиласининг даромадидан қатъи назар, шундай имкониятга эга бўлиши лозим.
Қуролли можаролар, мажбурий кўчиш, иқлим ўзгариши ва иқтисодий қийинчиликлар болалар ҳаётига оғир таъсир кўрсатмоқда. Ҳар бир давлат ўз масъулиятини бажариши, халқаро ҳамкорлик эса миллий имкониятларни тўлдириши зарур.
“Самарқанддаги мулоқотимизни қуйидаги амалий йўналишларга қаратишни таклиф этаман.
Аввало, бола ҳаётининг илк давридан узлуксиз кўмакни кучайтиришимиз керак. Она саломатлиги, тўғри овқатланиш, эрта ривожланиш ва мактабгача таълимни ўзаро боғлаш муҳим. Эҳтиёж қанча эрта аниқланса, оилага ёрдам шунча ўз вақтида етиб боради.
Болаларнинг оғир касалликларини эрта аниқлаш ва даволашда ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қиламиз. Хусусан, болалар онкологияси бўйича мутахассислар тажриба алмашиши, ташхис имкониятлари ва сифатли дорилардан фойдаланишни яхшилаш зарур. Боланинг яшаш жойи унинг ёрдам олиш имкониятини чеклаб қўймаслиги керак”, дейди Президент.
Ўзбекистон етакчисининг қайд этишича, шу мақсадда Биринчи хонимларнинг болалар онкологияси бўйича халқаро ҳамкорлик ташаббусини қўллаб-қувватланади. Унинг жамоатчилик ва хайрия салоҳияти тиббий экспертлар тавсиялари, эҳтиёжга асосланган ёрдам ҳамда маблағларнинг очиқ сарфи билан боғланиши мақсадга мувофиқ. Бу ҳамкорлик миллий соғлиқни сақлаш тизимлари имкониятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим.
“Яна бир устувор вазифа – болалар учун хавфсиз таълим ва рақамли муҳит яратиш. Кибербуллинг, эксплуатация ва шахсий маълумотлардан суиистеъмол қилишга қарши ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур.
Айни пайтда болаларнинг билим олиши, ижод қилиши ва хавфсиз мулоқот имкониятларини кенгайтиришимиз керак. Бунинг учун болаларга ҳам, ота-оналар ва педагогларга ҳам рақамли саводхонлик бўйича амалий кўмак лозим.
Болалар иштирокини қарорларимизнинг ажралмас қисмига айлантиришни ҳам таклиф этамиз. Улар учун яратилаётган хизматлар ҳақида ўзларининг фикрини эшитишимиз керак. Бундай иштирок боланинг ёшига мос, ихтиёрий ва хавфсиз ташкил этилиши лозим”, дейди Президент.
Ўзбекистон етакчисининг қайд этишича, мамлакат ушбу йўналишларда ҳамкорликни давом эттириш учун Самарқанд платформасини амалий мулоқот механизми сифатида шакллантиришдан манфаатдор. У мавжуд ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали тажрибаларни алмашиш, ихтиёрий қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва натижаларни муҳокама қилишга хизмат қилиши мумкин.
“Саммитнинг якуний декларацияси умумий интилишларимизни ифодалайди, деб умид қиламан. Уни амалий ишларга айлантириш учун манфаатдор ҳамкорлар билан масъуллар, ресурслар ва муддатлар белгиланган режаларни ишлаб чиқиш муҳим. Келишилган кўрсаткичлар асосида натижаларни очиқ муҳокама қилиш ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.
Бунда эътиборимиз, айниқса, ёрдамдан четда қолаётган болаларга қаратилиши зарур. Фаровонлик йўлидаги тараққиёт ҳар бир боланинг ҳаётида сезилганида умумий ютуғимизга айланади.
Бола қайси мамлакатда ва қандай оилада туғилишини танламайди. Аммо унинг хавфсиз ўсиши, ўз қобилиятини кашф этиши ва келажагини қуриши учун қандай шароит яратиш бизнинг қарорларимизга боғлиқ.
Самарқандда бошланган ҳамкорлигимиз болаларнинг бугунги ҳаётини яхшилайдиган аниқ ишлар билан давом этишини тилайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, масъулиятли фаолиятингизда муваффақият, саммит ишига самарали натижалар тилайман”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Live
Барчаси20 Октябрь