Президент Боғистон кўчасидаги янги уйларни кўздан кечирди
Жамият
−
10 Май 2019
8370Бугун, 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Боғистон кўчасида қурилган янги уйларни кўздан кечирди.
Боғистон кўчасида 9 қаватли 24 та уй бунёд этилиши лойиҳалаштирилган. Ҳозирда 10 та уйда қурилиш якунланиб, ички ва ташқи пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Давлат раҳбарига уйларнинг қурилиш технологияси, сифати ҳақида маълумот берилди.
Уйлар инновацион усуллар асосида қурилган бўлиб, деворлари қўшимча материаллар билан қопланган. Бу иссиқликни сақлаш, энергияни тежаш имконини беради. Иситиш ва совитиш тизими ҳар бир хонадонда мустақил бошқарилади.
Президент бу уйларнинг сифати, энергияни тежаши халққа маъқуллиги, шу тажриба асосида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам турар жойларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.