Хоразмда Президент айтган 413 метрлик кўприк қурилиши бошланди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида Амударё устида Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғлайдиган 413 метрлик кўприк, Қораўзак туманидан Шовот туманигача 79 километрлик темир йўл қурилиши бўйича топшириқ берган эди.

Бугун, 22 декабрь куни Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон билан боғловчи кўприк қурилиши бошланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Амударё тумани Республикамизнинг бошқа ҳудудларидан узилиб қолган, шунингдек, темир йўл тармоқларига ҳам тўғридан-тўғри боғланиш имкони мавжуд эмас. Автомобиль транспорти қатнови ҳам чекланган, чунки Амударёдан ўтиш учун фақат понтон кўприкдан фойдаланилади.

Понтон кўприги 1938 йилда қурилган бўлиб, айни пайтда у эскирган ва фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Қайд этилишича, янги кўприкнинг қурилиши Россия ва Қозоғистондан юкларни ташиш масофасини 240 километрга, юкларни ташиш вақтини эса 6 соатга қисқартиради. Шундай қилиб, юк ташиш ҳажми икки баравар кўпаяди ва йилига 25 миллион тоннани ташкил этади. Республиканинг юқоридаги минтақалари ривожланиб бориши билан иқтисодий самарадорлик йилига 100 миллиард сўмга ошади. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасидан Хоразм вилоятига инерт материалларни етказиб бериш харажатлари камаяди, бу эса ижтимоий объектлар ва инфратузилмаларни қуриш харажатларини камайтиради.

Таклиф этилаётган янги кўприкнинг стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлаш жоиз. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан кўприк қуриладиган жойда дарё кенглигининг минимал ўлчамлари, сунъий иншоотлар сони, бузилаётган объектлар сони ва уларнинг тури, шунингдек, коммуникациялар ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириладиган лойиҳанинг 4 та варианти ишлаб чиқилиб, улардан энг мақбули танланган.

Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўпригини қуриш ишлари 2022 йил сентябрь ойида якунланиши режалаштирилган.

Транспорт вазирлиги тақдим этган маълумотда лойиҳа қиймати қанча экани кўрсатилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хоразм Қорақалпоғистон кўприк

Баҳолаганлар

318

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг