Амударё устида Хоразмни Қорақалпоғистон билан боғлайдиган кўприк қурилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давом этмоқда. Вилоят фаоллари билан ўтган йиғилишда долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар муҳокама қилинди. Ҳар бир шаҳар ва туман, маҳаллаларда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, “ўсиш нуқталари” белгиланди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Урганч шаҳрида тўқимачилик ва туризм, Хива шаҳрида туризм ва қурилиш материаллари, Гурлан туманида тўқимачилик ва иссиқхона хўжалиги, Янгибозор туманида иссиқхона ва мева-сабзавотни қайта ишлаш, Тупроққалъа туманида машинасозлик ва электр техникаси каби йўналишларни ривожлантириш мумкинлиги қайд этилди. Шу йўналишларда ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар бир ҳудудга вазирлик ва банклар раҳбарлари бириктирилди. Барча лойиҳалар 16 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этиш имконини беради”, дейилади хабарда.

Йиғилишда 2021 йилда вилоятда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва аёллар бандлигини ошириш мақсадларига 500 миллиард сўм кредит ресурси ажратилиши маълум қилинган.

Маълум қилинишича, вилоятда меҳмонхона ўринларини кўпайтириш, салоҳиятли мамлакатлардан Урганчга доимий ва чартер рейслар ташкил этиш зарурлиги таъкидланган. Ички туризмни ривожлантириш учун транспорт хизматларини яхшилаш, хусусан, Фарғона водийсидан авиа ва темир йўл қатновини йўлга қўйиб, бунинг дастлабки даврида 30 фоизлик чегирма қўллаш бўйича кўрсатма берилган. Кейинчалик бу тажриба Термиз, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйича ҳам қўлланилади.

Фаоллар билан учрашуувда Амударё устида Хоразмни Қорақалпоғистон билан боғлайдиган 413 метрлик кўприк, Қораўзак туманидан Шовот туманигача 79 километрлик темир йўл қурилиши айтилган. Келгуси уч йилда 2 минг 370 километр ички йўлларни таъмирлаш вазифаси қўйилган.

“Қийин даврда, мураккаб шароитда яшаяпмиз. Ана шу шароитда ҳар бир туман, ҳар бир маҳалланинг ўз ўрни, марралари бор. Хоразмнинг марраси баланд бўлиши керак”, дейди Президент.

Шунингдек, ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Келгуси йили вилоят бўйича 2 минг хонадонли 100 та кўп қаватли уй-жой барпо этиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича топшириқлар берилган. Таълим, тиббиёт, маданият соҳаларини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хоразм Қорақалпоғистон Шавкат Миризёев

Баҳолаганлар

259

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг