Cув таъминоти корхонаси инспектори 6 млн сўм пора билан ушланди
Crime
−
28 October 1581 1 minute
Хоразмда “Хоразм сув таъминоти” АЖ юридик инспектори савдо шохобчасини ичимлик суви тармоғига улаш учун 6 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда жамиятнинг юридик инспектори З.А. фуқаро О.А.нинг ишончига кириб, гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали савдо шохобчасини ичимлик суви таъминотига улаш ва техник шарт ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Ушбу хизматлар эвазига 6 млн сўмни олган вақтида инспектор ашёвий далиллар билан ушланган. У муқаддам судлангани ҳам маълум бўлган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида тадбиркорга тегишли ер майдонини олиб қўйиш билан таҳдид қилган ҳоким ўринбосари 65 млн сўм пора билан ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All27 October