Президент автокредит ставкасини пасайтиришни буюрди
Жамият
−
15:17 6937 2 дақиқа
Аҳолининг маҳаллий автомобилларга талабини рағбатлантириш мақсадида автокредит ставкаси пасайтирилади ва ҳажмини ошириш чораси кўрилади. Бу ҳақда бугун, 13 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ўз раислигида ўтаётган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда мутасаддиларга топшириқ берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда йилига 650 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга 4 та йирик корхона бор. Жорий йилда 300 дан зиёд маҳаллий корхоналар билан кооперация асосида яна 763 та детални ишлаб чиқаришни бошлаш муҳим экани таъкидланган. Ишлаб чиқариладиган автомобиллар сонини 510 мингга етказиш зарур.
Йиғилишда аҳолининг маҳаллий автомобилларга талабини рағбатлантириш мақсадида автокредит ставкасини пасайтириш ва ҳажмини ошириш чорасини кўриш топширилган.
Деҳқон ва фермерларда боғдорчилик трактори, кўчат экадиган, ҳосил йиғадиган, картошка кавлайдиган агротехникаларга талаб ортиб бормоқда. Чирчиқдаги кластер тўлиқ қувватда ишлаб, агротехникаларни арзон нархда чиқарса, лизинг компаниялари билан қулай молиявий инструментлар қилиб берилса, деҳқон ва фермерлар йилига камида 15 мингта техникани сотиб олишга тайёр.
Умуман, автомобиль саноати мутасаддиларига ҳар бир имкониятни мана шундай таҳлил қилиб, жорий йилги ишлаб чиқариш дастурини 10,5 фоизлик ўсишни таъминлашга мослаб қайта кўриб чиқиш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда Ўзбекистонда сўнгги уч йилда саноатда қўшилган қиймат улуши 40,7 фоиздан 43 фоизга кўпайгани маълум қилинган эди.
Live
Барчаси