Президент Андижонга 1 трлн сўм йўналтиришини айтди
Жамият
−
16 Апрель 5082 2 дақиқа
Андижон вилоятига қўшимча 1 триллион сўм йўналтирилиши айтилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 16 апрель куни вилоятда комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишида маълум қилди.
Йиғилишда Андижон ҳамма соҳада ислоҳотлар ижросига астойдил киришиб, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришларни тез олиб кираётган ҳудудлардан бири экани таъкидланди. Ўтган йили вилоятда 4 мингдан зиёд янги тадбиркор иш бошлагани, 51 та корхона кичикдан ўрта тоифага ўтгани, 13 таси йириклашгани, шунингдек, бир йилда 450 минг аҳоли ишга жойлашгани айтилди.
Қайд этилишича, вилоятда 1,5 миллион квадрат метр турар жой ва 850 минг квадрат метр нотурар объектлар қад кўтарди. Бунинг ҳисобига ўтган йили савдо ва хизматлар 13 фоизга, саноат 7,5 фоизга ошган.
“Лекин ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Одамлар ҳар куни изланиб, янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқяпти, олдимизга катта-катта масалаларни қўймоқда”, деган Мирзиёев.
Шуни ҳисобга олиб, вилоятга қўшимча 1 триллион сўм йўналтирилиши айтилди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, 16 та шаҳар ва туман ҳокимлари аҳоли ва тадбиркорларни ҳар куни эшитиб, ҳозирги суръатни сақлаб қолиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
“Дунёдаги бугунги иқтисодий тебранишлар шароитида ҳар бир ҳоким фавқулодда масъулият олиши лозим”, дея таъкидлади Президент.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида кеча, 15 апрель куни Андижон вилоятига етиб борганди. Давлат раҳбари Янги Андижон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида ўтаётган халқ сайлида сўзга чиқиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасини абадийлаштириш мақсадида Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри деб ном беришни таклиф қилди.
Live
Барчаси