Президент аграр университети тўғрисидаги қарорни имзолади
Жамият
−
20 Август 2019
7578Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолади. Қарор матни қуйида тўлиқ келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳудудларни ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, соҳага халқаро таълим стандартлари ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Амалга оширилган ислоҳотлар ўқув-тарбиявий жараён сифатини ошириш, уни инновацион мазмун билан тўлдириш, талабаларда мустақил равишда янги билимларни эгаллаш кўникмасини шакллантиришга имкон яратди.
Шу билан бирга, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграцияси, кадрлар тайёрлашда аграр соҳа тармоқлари билан яқин ҳамкорликни кучайтириш, илмий-тадқиқот натижаларини тарғиб ва жорий қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш талаб этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги ПФ–5708-сон “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаси ва тармоқларида малакали кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш мақсадида:
1. Тошкент давлат аграр университети (кейинги ўринларда – Университет) ва унинг филиалларида қишлоқ хўжалиги таълими ва илм-фанини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
қишлоқ хўжалигида инновацион ресурстежамкор технологияларни қўллаш, “ақлли қишлоқ хўжалиги” (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билимларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш;
ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурстежамкор илғор технологиялар соҳасидаги билимларни шакллантиришга қаратилган вазифаларни акс эттириш;
хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этиш;
илмий-тадқиқот институтлари, манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;
Университет ва унинг филиаллари ахборот-маслаҳат марказлари (extension center) орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича “ахборот – маслаҳат маркази – кафедра – қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси” тизимини жорий этиш;
профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар ва талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этиш борасидаги ташаббускорлиги ва моддий манфаатдорлигини ошириш;
ўқув машғулотлари, малакавий амалиётларни ўтишда талабаларни инновацион ва янгича фикрлашга йўналтирадиган янги ўқитиш технологиялари ҳамда интерфаол услубларни, шу жумладан, талабаларнинг мустақил изланишини таъминловчи механизмларни кенг жорий этиш;
қишлоқ хўжалиги ва унинг тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг узвий тизимини яратиш, бириктирилган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш.
2. Қуйидагилар:
Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ;
Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ташкил этиладиган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати 2-иловага мувофиқ;
Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларидаги таълим йўналишлари, мутахассисликларига бириктирилаётган илмий-тадқиқот муассасалари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қишлоқ хўжалиги соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
маъмурий бўйсунишидан қатъий назар қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳамда унинг тармоқлари бўйича изланишлар олиб бораётган, кадрлар тайёрловчи илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасидаги талаб ва илғор хорижий тажрибалар асосида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида Давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурлари тизимли равишда такомиллаштирилишини таъминлаш.
Белгилансинки, Университет қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори малакали илмий-педагог кадрлар ва мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:
тажриба-синов тариқасида Университетнинг 5411500 – Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини бакалавриат таълим йўналишида таълимнинг кредит тизимини босқичма-босқич жорий этиш;
Университетнинг 2-босқич талабалари орасидан саралаб олинган иқтидорли талабалар учун таълимнинг алоҳида дастурлари асосида ўқитиладиган махсус гуруҳлар ташкил этиш. Бунда давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурлари хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилади;
қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларнинг мавсумийлигини инобатга олиб, диссертацияларда икки йиллик илмий-амалий дала тажрибаси натижаларининг қамраб олинишини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги магистратура мутахассисликлари ўқув жараёнини январь ойидан бошлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Бунда таълимнинг кредит тизимида талабалар учун ҳафтада беш кунлик ўқиш ҳамда ҳафтанинг шанба куни мустақил ўзлаштириш куни деб белгилансин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан унинг асосланган таклифлари асосида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ишлаб чиқилган Давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини тасдиқлаш ҳамда ўқув жараёнига босқичма-босқич жорий этиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
Университет ва унинг филиаллари профессор-ўқитувчилари ўқув, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий, ташкилий-методик ишлардан ташқари вазирлик ҳамда идораларнинг бошқа ишларига жалб этилмайди, шартнома доирасида кўрсатиладиган хизматлар бундан мустасно.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
а) Тошкент давлат аграр университети ва Нукус, Андижон, Термиз филиаллари тузилмасини қайта кўриб чиқиб, тасдиқланишини таъминласин;
б) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
в) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:
Университет қошидаги Қибрай академик лицейи ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилаётган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари негизида олий таълим тизими билан интеграциялашган олий мактаблар ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
2020 йил 1 августга қадар олий мактабларни тамомлаган битирувчилар учун бакалавриатнинг 3 йиллик махсус таълим дастурларини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин;
г) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
Университет ва унинг филиаллари талабаларининг малакавий амалиётлари етакчи корхона, ташкилот ва қишлоқ хўжалиги кластерларида сифатли ўтказилишини таъминласин ва мониторингини олиб борсин;
икки ой муддатда агросаноат мажмуи таркибидаги корхона, ташкилот ва муассасаларни раҳбар кадрлар билан таъминлаш мақсадида Университетда “Агробизнес ва бошқарув” йўналишида захира кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
бир ой муддатда Университет ва унинг филиалларида кириш учун белгиланган қабул чегарасидан кам балл тўплаган абитуриентлар учун оширилган тўлов-контракт миқдорини икки бараварга камайтириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига таклиф киритсин.
7. Белгилаб қўйилсинки, олий мактабда:
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида кадрлар тайёрланади ва олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган кичик бакалаврлар (Associate degree) тайёрлаш бўйича таълим дастурлари амалиётга жорий этилади;
кичик бакалавр (Associate degree) таълим дастурларини тамомлаган битирувчилар 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш синовларисиз суҳбат ўтказиш орқали бакалаврлар тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури бўйича ва ўқиш тугаганидан сўнг тақсимотга мувофиқ уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини олган ҳолда Университет ва унинг филиалларига ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлади;
фаолиятни молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, вазирлик, идоралар, йирик иш берувчилар ҳамда буюртмачиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтларининг маблағлари ва ўқувчиларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳисобланади;
якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтган битирувчиларга давлат намунасидаги диплом ва тегишли касблар бўйича белгиланган тартибда разрядлар берилади;
ўқувчиларни қабул қилиш параметрлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, ташаббускорлар маблағлари ҳисобига Университет ва унинг филиалларида “Кичик инновацион корхона”ларни тажриба-синов тариқасида ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
9. Университет:
хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасаларида синовдан ўтган тажрибаларни ўрганган ҳолда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб университетда раҳбар кадрлар ҳамда профессор-ўқитувчилар фаолияти самарадорлигининг баҳолаш тизимини жорий этсин;
уч ой муддатда Университетни 2025 йилга қадар дунёнинг нуфузли 1000 та олий таълим муассасалари рўйхати (QS рейтинг тизими)га киритиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этсин;
бир ой муддатда Университет ва унинг филиаллари уставлари тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда университетнинг 5411500 – Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини таълим йўналишида таълимнинг кредит тизимини жорий қилиш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда тажриба-синов тариқасида Агробиология факультетини Тошкент давлат аграр университети таркибида мустақил фаолият юритадиган юридик шахс сифатида ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
Университет ва унинг филиаллари ҳузурида ташкил этиладиган “Кичик инновацион корхона”лар ўртасида тузиладиган шартноманинг намунавий шаклини ишлаб чиқсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д.Вахабов зиммасига – қарордаги вазифаларнинг ижроси ва мониторинги олиб борилишини таъминлаш, маъмурий бўйсунишидан қатъий назар илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, Университет ректори Б.А.Сулаймонов зиммасига – қарор ижросини бевосита таъминлаш, университетга замонавий таълимнинг кредит тизимини татбиқ этиш, илмий изланишлар натижаларини тижоратлаштириш, фан-таълим ва ишлаб чиқаришни узвий интеграциялаш, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тажриба-синов тариқасида “Кичик инновацион корхона”ларни ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Мажидов зиммасига – таълимнинг кредит тизимидаги ва Университетнинг 2-босқич талабалари орасидан саралаб олинган иқтидорли талабалар учун таълимнинг алоҳида дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда Университет қошидаги Қибрай академик лицейи ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилаётган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари негизида олий мактаб ташкил этиш чора-тадбирларини кўриш бўйича жавобгарлик юклансин.
11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 19 август
LiveБарчаси