Президент Абдулла Ариповга бўлган туҳматлар ҳақида гапирди
Жамият
−
21 Январь 2020
57023Аввал хабар берганимиздек, бугун, 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Сенатининг қўшма мажлиси Абдулла Нигматович Арипов номзоди бир овоздан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирлигига тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Арипов номзодини Бош вазирликка кўрсатаркан, шундай дейди:
“Бош вазир лавозимига номзод танлаш ва уни тасдиқлаш ҳақида гап борганда, бу ўта мураккаб ва масъулиятли вазифа эканини барчамиз яхши билишимиз керак. Бу ҳаёт-мамотимиз. Бош вазир одамларни ортидан инонтириб, ишонтириб биз кеча бугун айтган вазифаларни амалга ошириши бу жуда мураккаб ва масъулиятли вазифа. Ҳеч кимга сир эмас, бу лавозимга чуқур билим, катта тажриба, кенг тафаккур ва замонавий фикрлаш қобилиятига эга бўлган, энг асосийси, жонкуяр, фидойи, талабчан ҳамда ташкилотчи номзод танлашимиз зарур. Бу оғир масала.
Албатта, турли синовларда тобланган, жавобгарликни зиммасига олишга қодир, одамлар билан тил топиша оладиган, уларнинг ҳурматини қозонган, қисқача айтганда, кўпни кўрган ва жонкуяр одамни топиш анча оғир ва мураккаб вазифадир.
Бугун сизларнинг муҳокамангизга тақдим эталаётган номзод ўз фаолияти ва аввалги лавозимларда бажарган амаллари билан эл-юртимиз эришган ютуқларга муносиб ҳисса қўшган шахс бўлиши керак. Биз бу масала бўйича жуда кўп ўйлаб, тегишли маслаҳат ва кенгашлар ўтказдик. Жумладан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбари ва фаоллари билан бир неча марта атрофлича маслаҳатлашиб олдик. Ҳамма масалалар, билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда мен ушбу ўта масъулиятли лавозимга ҳам амалий соҳада, ҳам марказий идораларда кўп йиллик бошқарув кўникма ва тажрибасига эга бўлган, сўнгги уч йилда Бош вазир лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Абдулла Нигматович Арипов номзодини тавсия этаман”.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзида давом эта туриб, Абдулла Ариповни бир вақтлар Бош вазир ўринбосари бўлгани, туҳматлар сабаб лавозимдан озод этилганини хотирлади.
“Абдулла Нигматович мана шу уч йилда кўп нарсаларни ўргандилар. Бош вазир ўринбосари бўлиб юриш у бошқа нарса нарса. Аммо Бош вазир бўлиб юриш ва катта-катта масалаларни ҳозирги шароитда бўйнига олиб ва уларни билан тил топишиб, ҳудудларни, тармоқларни ривожлантириш осон нарса эмас. Мен 14 йиллик ушбу лавозимда ўтирган ва уч марта қайта-қайта шу лавозимга тайинланган одам сифатида айтаманки, Бош вазирнинг юрагидан қандай ҳиссиётлар ўтаётганини мен сезаман. Нега десангиз, Абдулла Нигматовични мен 20 йилдан бери яхши биламан. Кўп йиллар ёнма-ён бўлиб ишлаганмиз. Ҳаётда кўп оғир туҳматлар бўлди ва бу туҳматларни ўзидан ўтказиб ҳеч қачон сингани йўқ. Шунинг учун мен лавозимга ўтирганимдан кейин Абдулла Нигматовични қайтарганим ҳам адолат нуқтаи назаридан бежиз эмас”, дейди Президент.
Маълумот ўрнида, Абдулла Арипов 2005-2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Ўша вақтларда ошкор этилмаган маълумотларга кўра, Абдулла Арипов Гулнора Каримова ва МТС иши ортидан туҳмат қурбони бўлиб, лавозимидан озод этилган.