Президент “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбарини ишдан олди
Жамият
−
16:16 5108 2 дақиқа
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбари Асроржон Асқаров лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда бугун, 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғининг устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Асроржон Асқаров 2024 йил декабр ойидан бери “Ҳудудий электр тармоқлари” бошқарув раиси сифатида ишлаб келаётганди. У тизимдаги жиддий камчиликлар учун лавозимидан олинган. Унинг ўрнига Сардор Исоқулов янги раҳбар бўлди.
(1).png)
Сардор Исоқулов 2025 йилдан буён Бўка тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди. Бунга қадар у 2024 йилдан Паркент тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган. Ундан аввал эса “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари бўлган.
Маълумот учун, Сардор Исоқулов 1986 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Маълумоти – олий. 2011 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. У меҳнат фаолиятини 2006 йилда Марказий магистрал электр тармоқлари электроэнергиясининг узатилишини ҳисоблаш бўлимида электр монтёри вазифасидан бошлаган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида масъул вазифаларда ишлаган.
Шунингдек, йиғилишда Сурхондарё вилоятида қурилаётган буғ-газ электр станцияси учун жой нотўғри танлангани танқид қилинган. Қайд этилишича, станцияга газ етказиш учун қўшимча 300 миллион доллар сарфлашга тўғри келмоқда.
Қолаверса, лойиҳа ташаббускори билан тузилган шартнома шартлари етарлича пухта ўрганилмагани оқибатида қўшимча харажатлар юзага келиши эҳтимоли пайдо бўлгани айтилган. Масъулларга шартнома шартларини қайта кўриб чиқиш топширилган.
Бундан ташқари, “Миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Трансгаз” ва “Ҳудудгаз” раҳбарларига йил якунигача синов муддати белгиланган. Натижа бўлмаса, улар ҳам лавозимидан озод этилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Янги энергетика вазири Шерзод Хўжаев, “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг янги раҳбари Сардор Исоқулов ҳамда Энергия инспекциясининг янги бошлиғи Аҳад Исоқжонов бугундан янгича иш услубини жорий қилиши шартлиги таъкидланган.
“Ҳокимлар ҳам “Бу энергетикларнинг иши” деб хотиржам ўтиришга ҳаққи йўқ. Сўров қаттиқ бўлади”, деган Президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига Шерзод Хикматуллаевич Хўжаев Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири лавозимига тайинланган эди. Шунингдек, Ахадхон Икромжонович Исоқжонов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланганди.
Live
Барчаси