Шавкат Мирзиёев Анқарада Туркиянинг йирик компаниялари раҳбарларини қабул қилди

Жамият

−

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Анқарада Туркиянинг йирик компаниялари раҳбарларини қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Анқарада “Evyap Holding” компанияси бошқарув кенгаши аъзоси Ўмер Эвяпни қабул қилган. Мулоқот чоғида компания раҳбари Янги Ўзбекистонда турк компаниялари учун яратилаётган қулай шарт-шароит ва тақдим этилаётган кенг имтиёзлар туфайли уларнинг сони йил сайин ўсиб бораётганини билдирган.

Шунингдек, “Evyap Holding” компанияси шахсий гигиена ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги бой тажрибасидан келиб чиқиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлиги қайд этилган.

Учрашувда “OSTIM Global” Ўзбекистон – Туркия саноат зонасида йўлга қўйилаётган янги лойиҳани жадаллаштиришга келишиб олинган. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш учун зарур хомашёни маҳаллийлаштириш имконияти атрофлича кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида “EKSIM Holding” компанияси бошқарув кенгаши раиси Эбубекир Тивниклини қабул қилган. Давлат раҳбари учрашув аввалида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини қайд этган.

Мулоқот давомида қайта тикланувчи энергетика, геология ва тоғ-конь саноати, инфратузилма, электромобиллар учун қувватлаш станцияларини ташкил этиш ва озиқ-овқат саноати соҳаларидаги лойиҳаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистонда янги электр узатиш тармоқларини барпо этиш, геология йўналишидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилган.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Анқара шаҳрида “Anadolu Group” холдинги бошқарув кенгаши раиси Камилхан Сулейман Язижини ҳам қабул қилган.

Учрашувда ушбу компаниянинг салқин ичимликлар ва автомобилсозлик соҳаларида Ўзбекистон бозорига киритган йирик инвестициялари мамлакатимиздаги ислоҳотларга бўлган ишончнинг яққол ифодаси экани алоҳида таъкидланган.

Жумладан, Самарқанддаги “СамАвто” корхонасини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт маҳсулотлари ҳажмини кенгайтириш бўйича қўшимча инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинган.

Мулоқот чоғида Туркиянинг йирик чакана савдо тармоғини Ўзбекистон бозорига олиб кириш, чорвачилик мажмуасини барпо этиш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби истиқболли йўналишлар ҳам кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида “OYAK” компанияси Бош ижрочи директори Мурат Ялчинташни қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг